Куни кеча ўз ишини бошлаган Владивосток Шарқий иқтисодий форумида (ВШИФ) дунёнинг 60 давлатидан келган вакиллар, минглаб компаниялар раҳбарлари йиғилди. Хусусан, йирик халқаро тадбирда беш мамлакатнинг олий даражадаги раҳбарлари ҳам қатнашмоқда. Булар Россия, Мўғулистон, Хитой давлатлари раҳбарлари Владимир Путин, Халтмаагийн Баттулга ва Си Цзиньпин, Япония, Жанубий Корея бош вазирлари Синдзо Абэ ҳамда Ли Нак Ён. Форумнинг ялпи мажлисларида олий мартабали меҳмонлар чиқиш қилган.
Расмий ахборот воситаларининг қайд этишича, Россия Президенти Владимир Путин ўз чиқишида Японияга тинчлик битимини тузишни таклиф қилган бўлса, ХХР раиси Си Цзиньпин Хитой ва Россия муносабатлари ҳар қачонгидан ҳам яхшироқ эканини алоҳида таъкидлаган. Корея Республикаси Бош вазири Ли Нак Ён эса Сеул Пхеньян билан тинчлик йўлидан ҳеч қачон воз кечмаслигини маълум қилган.
Форум 13 сентябрга қадар давом этиб, унда иштирокчи давлатлар вакилларининг иқтисодиёт, молия, таълим, ахборот технологиялари каби ўнлаб соҳа ва тармоқлар бўйича бизнес-мулоқотлари ўтказилади.
Маълумот ўрнида, Россия Президенти Владимир Путин фармони билан таъсис этилган ушбу йирик халқаро тадбир 2015 йилдан буён Владивосток шаҳрида ўтказиб келинади. Экспертлар фикрича, ушбу форум Россиянинг Узоқ Шарқ ҳудудини тараққий эттириш ва Осиё-Тинч океани минтақасидаги мамлакатлар иқтисодиётини интеграциялашувида муҳим аҳамият касб этиб, халқаро сиёсатнинг муҳим тадбирларидан бирига айланиб улгурган. Расмий маълумотларга кўра, ВШИФ-2017 иштирокчилари 6 минг 95 нафарни ташкил қилиб, унинг доирасида 217 та инвестициявий шартномалар имзоланган.
Малоҳат Ҳусанова, ЎзА