Болгария пойтахти София шаҳрида ўтказилаётган бадиий гимнастика бўйича XXXVI жаҳон чемпионатида уч нафар ҳамюртимиз иштирок этмоқда.
Жаҳоннинг олтмишга яқин мамлакатидан энг кучли гимнастикачилари иштирок этаётган мазкур нуфузли мусобақа нафақат ғолиб ва совриндорларни аниқлаш, балки Токио олимпиадасига биринчи йўлланма ўйналиши жиҳатидан ҳам аҳамият касб этмоқда. Ушбу турнирда ватанимиз шарафини яккалик дастурларда Сабина Тошкенбоева, Нуринисо Усманова ҳамда Дилдора Раҳматовалар ҳимоя қилмоқдалар.
Жаҳон чемпионатида тўққизта медаллар жамланмаси ўйналади. Спортчилар яккалик кўпкураш, жамоавий кўпкураш, халқа, тўп, булава ҳамда тасма бўйича баҳсларда кураш олиб боришади. Жамоавий баҳсларда эса кўпкураш, бешта халқадаги машқлар финали, учта тўп ва иккита арқон билан машқлар финали мусобақа дастуридан ўрин олган.
Ушбу жаҳон чемпионатида жамоавий кўпкураш бўйича совринли ўринларни эгаллаган терма жамоалар Токио 2020 Олимпия ўйинларига дастлабки лицензияни қўлга киритишади. 2019 йил Боку шаҳрида бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида эса яккалик кўпкурашда ижобий натижа қайд этган 16 нафар гимнастикачи ҳамда бешта жамоавий баҳсларда етакчилик қилган жамоалар Олимпиада йўлланмаларига эга бўлишади.
Маълумот сифатида шуни айтиш мумкинки, Болгария учинчи бор жаҳон чемпионатига мезбонлик қилмоқда, 1969 ва 1987 йилги йирик мусобақалар ҳам Софияда ўтказилган эди.
ЎзА