Америка Қўшма Штатларининг қурилиш соҳасидаги йирик компанияларидан бири – “Calatrava Grace Corporation” делегацияси Навоий вилоятига ташриф буюриб, ҳудудда бизнес юритиш имкониятлари билан танишди.
Вилоят ҳокими Қ.Турсунов меҳмонларни ташриф билан қутлар экан, уларни воҳада тадбиркорликни йўлга қўйиш, бизнес юритиш борасида мавжуд имкониятлар ва мамлакатимизда хорижий сармоядорлар учун яратилган имтиёзлар билан таништирди.
“Calatrava Grace Corporation” компанияси раҳбари Майкл Селман ва ижрочи директор Майкл Калатрава бошчилигидаги делегация “Навоий” эркин иқтисодий зонасида ҳам бўлиб, у ердаги корхоналар фаолияти билан танишди. Бундан ташқари, инвесторлар собиқ “УПП” акциядорлик жамиятининг бўш турган биноларини кўздан кечирди.
– Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 5 июндаги “Навоий” эркин иқтисодий зонаси фаолиятини кенгайтириш ва Навоий вилоятида кичик саноат зоналарини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан эркин иқтисодий зонага собиқ “УПП” ва «Автотрансстроймеханизация” акциядорлик жамиятларига тегишли бинолар қўшиб берилди, – дейди “Навоий” эркин иқтисодий зонаси дирекцияси директори Азамат Файзиев. – Шу боис, эркин иқтисодий ҳудуд ҳамда Навоий шаҳрида жойлашган мазкур объектлар ўртасида инфратузилма тармоқлари, хусусан, темир йўллар ва бошқа бинолар барпо этилади. Айни пайтда бу борада лойиҳа ҳужжатлари тайёрланмоқда. Америкалик ҳамкорларимиз бунга кўмаклашиш мақсадида вилоятда модулли блоклар ишлаб чиқаришни режалаштирган.
Дарҳақиқат, юртимизда сармоядорлар учун яратилаётган кенг шароит ва имкониятлар ишбилармонлик муҳитини мустаҳкамлаш, жойларда ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга хизмат қилмоқда. Бу эса хорижий компанияларнинг Ўзбекистонга қизиқишини янада кучайтирмоқда.
Н.Раҳимов, С.Аслонов (сурат), ЎзА