Аҳолига қулайлик йўлида

Олий Мажлис Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси ишчи гуруҳи Ўзбекистон Республикасининг “Иқтисодий муносабатлар ва тадбиркорлик ривожлантирилишига қаратилган Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунининг муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди.
Қайд этилганидек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 2018 йил 30 август куни қабул қилинган мазкур қонуннинг мақсади иқтисодий муносабатлар ва тадбиркорлик фаолиятини тартибга соладиган қонун ҳужжатларини янада такомиллаштиришдан иборат.
Жумладан, қонунда Ўзбекистон Республикасининг “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги қонунига банклар томонидан микроқарз бериш нормасини мустаҳкамловчи қўшимча киритиш назарда тутилмоқда. Микроқарз банклар ва микрокредит ташкилотлари томонидан жисмоний шахс бўлган қарз олувчига энг кам иш ҳақининг юз баробари миқдоридан ошмайдиган суммада тўловлилик, муддатлилик ва қайтариш шартлари асосида 1 йилгача бўлган муддатга берилади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, жисмоний шахсларга бериладиган ушбу микроқарз, энг аввало, халқимиз эҳтиёжларини қондириш, уларни қўллаб-қувватлаш, фуқароларнинг молиявий хизматлардан фойдаланишини таъминлаш, молиявий оммабопликни янада кенгайтириш, энг асосийси, аҳоли фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг “Микромолиялаш тўғрисида”ги ва “Микрокредит ташкилотлари тўғрисида”ги қонунлари янги норма билан тўлдирилмоқда. Унга кўра, микромолиявий хизматлар кўрсатиш шартномалари бўйича йиллик қарз миқдорининг ярмидан кўпини ташкил этадиган суммада фоизлар ҳисоблаш, воситачилик ҳақлари ва жарима ундириш, жавобгарликнинг бошқа чораларини қўллаш тақиқланади.
Шунингдек, лицензия талаб қиладиган фаолият турлари тоифасидан айрим фаолият турларининг бир қисмини чиқариб ташлаш назарда тутилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 275-моддаси янги қоидалар билан тўлдирилмоқда. Унга мувофиқ декларант божхона расмийлаштируви бўйича операцияларни бажариш учун божхона назорати зонасига кириш, божхона органларидан ахборот ва маслаҳатлар олиш, товарларни ва транспорт воситаларини божхона ҳудудидан олиб чиқиш ҳақида божхона органларини хабардор қилиш, дастлабки операциялар амалга оширилаётганда божхона мақсадлари учун зарур бўладиган ҳужжатларнинг лойиҳаларини тайёрлаш, декларацияланадиган товарларни ва транспорт воситаларини божхона омборларига божхона назорати остида жойлаштириш ҳуқуқига эга бўлади.
Шу билан бирга, вакил шахс олдидаги мажбуриятни таъминлаш мақсадида божхона брокерининг декларант ёки ваколатли шахс олдидаги фуқаролик жавобгарлигини энг кам ойлик иш ҳақининг минг баравари миқдорида суғурталаш мажбурияти мустаҳкамланмоқда. Чунки назарда тутилган мажбуриятларнинг йўқлиги божхона брокерлари хизматларидан фойдаланишга қарор қилган иштирокчи декларантлар учун хавф пайдо бўлишига олиб келиши мумкин.

 

Нурилло Насриев, ЎзА