Эртадан, яъни 10 сентябрдан бошлаб кимгадир телефон қилмоқчи бўлсангиз 7 та эмас 9 та рақамни теришингизга тўғри келади. Гап шундаки, Ўзбекистон телефон тармоғида 9 талик рақамлаш тизимига ўтиш бўйича ишлар амалга оширила бошланди. Бунда ҳудуд ёки мобил оператор кодини териш шарт. Аввалроқ 9 рақамли рақамлаш тизимига ўтиш тўғрисидаги қарор шаҳарлараро рақамларни териш жараёнини соддалаштириш учун қабул қилингани маълум қилинган эди. Нима сабабдан бу ўзгаришлар амалга оширилмоқда? Ўзбекистон республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Элбек Долимовдан айни масалани сўраганимизда, бу телекоммуникация тармоғида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг давоми эканлигини қайд этиб ўтди:
– Мамлакатимизда телекоммуникация тармоқларини ривожланиши билан тизимни кенгайтириш эҳтиёжи пайдо бўлди. Рақамларни кенгайтиришга Ўзбекистонда 10 йил аввал ўтила бошланган. Биз ўшанда 6 та рақамдан фойдаланар эдик. Телефон тармоқларини рақамлаштириш бошланганда эса 7 рақамликка ўтганмиз. Бу биринчи босқич эди. Иккинчи босқичда халқаро телефон сўзлашувлари йўналишида кенгайтириш амалга оширилди. Яъни “8” рақами ўрнига “0” рақами қўлланила бошланди. Бутун дунёда мамлакатдан ташқарига қўнғироқ қилиш учун “0” рақами ишлатилади. Айни пайтда биз учинчи босқичда турибмиз ва 9 талик телефон рақамларига ўтяпмиз. Шу тариқа шаҳарлараро қўнғироқлар тушунчаси истеъмолдан чиқади. Яъни Ўзбекистоннинг барча шаҳарларига бир хил нархда қўнғироқ қила оласиз. Мисол учун, олдин симли алоқа орқали Тошкентдан Бухорога қўнғироқ қилмоқчи бўлсангиз шаҳарлараро тўловни амалга оширар эдингиз. Энди эса ҳудудлараро қўнғироқларга ягона тариф режасида тўлаш мумкин бўлади.
Бундай тизимга ўтиш тўғрисида қарор Халқаро электр алоқа уюшмасининг тавсиялари ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган “Ўзбекистон телекоммуникация тармоқлари рақамлари тизими ва режаси“ талабларига мувофиқ қабул қилинган.
– Ҳозирда 5 та симли алоқа оператори фаолият олиб боради, – дейди “Ўзбектелеком“ акциядорлик компанияси Телекоммуникация тармоқларини экспулатация қилиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Темур Мансуров.- 7 хонали рақамлардан 9 хонали рақамларга ўтиш – давр талаби. Мобиль алоқа операторларининг рақамлар захираси деярли тугаганди, алоқа хизматларига бўлган талаб эса кундан-кунга ортиб бормоқда. Айни вақтда Ўзбекистон республикасида 22 миллионга яқин абонент бўлиб, шунча рақамдан фойдаланиб келинмоқда. 9 рақамли тизимга ўтгандан кейин ҳар бир операторда яна 10 миллион рақам бериш имкони яратилади. Яъни рақамлар танқислигига чек қўйилади. Бунда тезкор қидирув рақамлари 3 хонали (102,103, 104,), қисқа рақамлар 4 хонали (1005, 1055 каби) тарзда, ўз холида қолади. Провайдерлар абонентлари (ООО “ЭАСТ ТЕЛЕКОМ”, ООО СП “БУЗТОН”, ООО СП “САРКОР ТЕЛЕКОМ” и ООО “ШАРҚ ТЕЛЕКОМ”) рақамлари учун 78 коди жорий этилди.
Аҳолига бу ўзгаришлар ноқулайлик туғдирмаслиги учун фойдаланувчи қўнғироқни нотўғри амалга ошираётганда автоматик равишда кўрсатма бериш йўлга қўйилган. Республика телекоммуникация тармоқларини бошқариш марказининг сайтида барча уяли ва симли операторларнинг кодларини излаш тизими жойлаштирилди. Бундан ташқари, ушбу марказ Телеграммда операторлар кодини топиб берадиган ботни ишга туширган. “Бу ислоҳотлар телефон хизматларининг умумий нархларига таъсир кўрсатмайдими?”, деб масъуллардан сўраганимизда, “Йўқ!” деган жавобни олдик.
Ҳозирда Ўзбекистонда 5 та мобил алоқа операторлари ҳамда 5 та симли телефон алоқаси фаолият кўрсатмоқда. Уларни 9 хонали рақамли тизимига ўтказиш тасдиқланган режага мувофиқ, 20 кун давомида амалга оширилади.

 

Н. Тошпўлатова, ЎзА