Жорий йилнинг 1-9 сентябрь кунлари Қирғизистон Республикаси Чолпон ота шаҳрида Бутунжаҳон кўчманчи халқлар ўйинлари бўлиб ўтади.
Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати маълум қилишича, Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев раҳбарлигидаги Ўзбекистон спорт делегацияси халқлар ўйинларда иштирок этиш учун Қирғизистонга жўнаб кетган.
Ўзбекистон спорт делегацияси жами 76 кишидан иборат, шундан 13 та (кураш, самбо, гуштини милли камарбанди (Тожикистон кураши), қозоқ кураши бўйича, пахлавани (Эрон кураши), гюлеш (Азарбайжон кураши), аширтмалы аба гюлеши (Туркия кураши), алиш кураши (Қирғизистон кураши), гореш (Туркманистон кураши), мангол бох (Мўғилистон кураши), қирғиз кураши, армрестлинг, лочин ови ва тайганлар югуриши бўйича) спорт туридан 54 нафар спортчи, 15 нафар мураббий ва 7 нафар менежер, мутахассис, ишчи гуруҳи аъзолари ва раҳбари иштирок этадилар.
Хабарингиз бор, 2 сентябрь куни маҳаллий вақт билан соат 17:00да Чолпон ота шаҳридаги “Ипподром” стадионида 80 та давлат спорт делегациялари 2000 нафар иштирокчи иштирокида III Бутунжаҳон кўчманчи халқлар ўйинларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Ўйинларда 50 та спорт тури бўйича 500 дан ортиқ комплект медал жамланмаси ўйналади. Ўзбекистон спорт делегацияси 13 та спорт тури бўйича 58 нафар спортчи иштирок этади.
Ушбу ўйинларда Ўзбекистон спорт делегацияси илк бор иштирок этмокда.
Мазкур ўйинларни ўтказишдан асосий мақсад миллий спорт турларини асраш, халқлар ўртасида дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлашдир.
Маълумот учун, 2 сентябрь куни тантанали очилиш маросими ўтказилган мазкур мусобақанинг ёпилиш маросими 8 сентябрь куни бўлиб ўтади.
ЎзА