24-29 сентябр кунлари Тошкент ва Жиззах шаҳарларида Ўзбекистон ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги – “ICTWEEK Uzbekistan-2018” ўтказилади.
Ҳафталикда ахборот коммуникация соҳасида эришилган натижалар ва амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар намойиш этилиши баробарида, тизимга оид қатор муаммоларнинг муҳокама этилиши кутилмоқда. Унинг доирасида Ахборот технологиялари йиллик кўргазмаси – ICTEXPO-2018, DIGITAL UZBEKISTAN форуми каби тадбирлар ва тақдимотлар ўтказилади. Жиззах шаҳрида эса минтақавий форум ва кўргазмадан ташқари “Болалар учун ахборот технологиялари” акцияси ҳам ташкил этилади.
Ҳафталикнинг асосий тадбирларидан бири бўлган ICTEXPO-2018 кўргазмаси “Ўзэкспомарказ” павильонларида 26-28 сентябр кунлари ўтказилади. Жиззахда эса 26-27 сентябр кунлари минтақавий кўргазма билан танишиш мумкин бўлади. Ташкилотчиларнинг маълум қилишича бу йил кўргазма майдонлари янада кенгайтирилган бўлиб, бу иштирок этишга талабгорлар сони ортиб бораётгани билан изоҳланади. Ахборот технологиялари ва хизматлари бозорида тақдим этилаётган энг сўнгги замонавий технологиялар ва ечимлар намойиш этиладиган ушбу кўргазмада IT-соҳасидаги маҳаллий ва хорижий компаниялар иштирок этадилар. Улар сафида йирик уяли алоқа компаниялари, вендорлар, дастурий таъминот ва тизим интеграторларини ишлаб чиқарувчи компаниялар бор.
26 сентябр куни “Ўзэкспомарказ”да ўтказиладиган DIGITAL UZBEKISTAN форумида эса ахборот технологиялари соҳасидаги замонавий тенденциялар масалалари, тизимдаги муаммолар ва уларнинг ечимлари муҳокама қилинади. Форумнинг панель муҳокамаларида мамлакат ахборот технологиялари секторини ривожлантиришга қаратилган стратегик қарорлар ва дастурларни ишлаб чиқилиши назарда тутилмоқда. Унда давлат бошқаруви органлари вакиллари, ахборот технологиялари ва коммуникациялар соҳаси корхоналари ва ташкилотлари раҳбарлари, халқаро экспертлар ва таҳлилчилар, йирик маҳаллий ва хорижий IT -компаниялар мутахассислари иштирок этишади.
“ICTWEEK Uzbekistan-2018” ҳафталигини 29-сентябр куни мукофотлаш маросими якунлайди.
Эслатиб ўтамиз, бу йилдан бошлаб Форум ва кўргазмага кириш учун www.ictweek.uz расмий сайтида рўйхатдан ўтиш ва QR кодини олиш керак бўлади.
Н. Тошпўлатова, ЎзА