Осиё ўйинлари қизғин паллада

Индонезиянинг Жакарта ва Палембанг шаҳарларида ўтказилаётган XVIII ёзги Осиё ўйинларида Ўзбекистон делегацияси муваффақиятли иштирок этмоқда.

Мусобақанинг каратэ баҳсларида вазни 50 килограммгача бўлган қизлар ўртасида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилган Баҳринисо Бобоева финалга қадар Филиппин, БАА ҳамда Таиланд спортчиларини мағлубиятга учратиб кумуш медални қўлга киритди.

Бадиий гимнастика баҳсларининг жамоавий беллашувларида Сабина Тошкенбаева, Нуриниссо Усмонова, Дилдора Раҳматова ва Асал Икромовадан ташкил топган терма жамоамиз умумий ҳисобда 155,3 балл билан шоҳсупанинг иккинчи поғонасидан жой олди.

Оғир атлетика беллашувида вазни 105 килограммдан ортиқ бўлган полвонлар ўртасида тош кўтарган ҳамюртимиз Рустам Жангабаев даст кўтаришда 203, силтаб кўтаришда эса 252, умумий ҳисобда 455 килограмм натижа билан бронза медалига сазовор бўлди.

Боксчиларимиз – Ҳасанбой Дўсматов, Иқболжон Холдоров, Жасур Латипов, Шунқор Абдурасулов, Бобо Усмон Ботуров, Миразизбек Мирзахалилов ва Исроил Мадримов чорак финалга йўл олди.

Ўзбекистон делегацияси 27 август ҳолатига кўра, 6 та олтин, 13 та кумуш, 12 та бронза, жами 31 та медаль билан умумжамоа ҳисобида 11-ўринда бормоқда.

 

Ж.Тошхўжаев, ЎзА