Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 29 август куни Бекобод шаҳрига ташриф буюрди.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Давлатимиз раҳбари ўтган йили 18 август куни “Ўзбекистон металлургия комбинати” акциядорлик жамиятига келиб, унинг ишлаб чиқариш қуввати ва молиявий-иқтисодий ҳолатини тубдан яхшилаш чора-тадбирларини белгилаб берган эди. Бугун улар босқичма-босқич амалга оширилиб, кутилган натижаларни бермоқда.
2018 йил 29 август куни комбинатдаги кўплаб инвестиция лойиҳаларидан бири – ферроқотишмалар ишлаб чиқариш цехини ишга тушириш маросими бўлди. Тадбирда корхона ишчилари, соҳа мутасаддилари, хорижлик инвесторлар иштирок этди.
Президент Шавкат Мирзиёев лойиҳа қиймати 60 миллион доллар бўлган, замонавий, энергия тежовчи ва илғор технологиялар билан жиҳозланган янги ферроқотишмалар цехини тантанали равишда ишга туширди.
Ушбу янги цех Жанубий Кореянинг “Posco Daewoo” компанияси иштирокида қурилган бўлиб, жами 25 минг тонна ферросилиций ва ферросиликомарганец қотишмалари ишлаб чиқаради. Бу металл маҳсулотлар тайёрлайдиган тармоқлар талабини тўлиқ қондириш билан бирга, йилига ўртача 8 минг тонна ферроқотишмани экспорт қилиш ва 12 миллион доллар миқдоридаги валюта тушумини таъминлаш, импортни қисқартириш имкониятини яратади.
Ушбу янги цехга ўқув юртларини битираётган ва замонавий технологияларни чуқур ўзлаштирган 330 нафар йигит-қиз ишга қабул қилинади.
Шавкат Мирзиёев янги цехнинг технологик жараёнини кўздан кечирди. Жанубий кореялик ҳамкорлар билан суҳбатлашди. “Ўзбекистон металлургия комбинати” акциядорлик жамиятининг инвестиция дастурига оид тақдимотлар билан танишди.
Комбинат раҳбарияти ва мутасаддиларга янги инвестиция лойиҳаларини бажариш ҳисобига бундай корхоналарни кўпайтириш, қўшимча иш ўринлари яратиб, аҳоли бандлиги даражасини ошириш бўйича кўрсатмалар берди.
ЎзА