Осиё ўйинлари-2018. Руслан Нуриддинов 16 йиллик рекордни янгилаб Ўзбекистонга навбатдаги олтин медални туҳфа этди

Индонезиянинг Жакарта ва Палембанг шаҳарларида давом этаётган XVIII Осиё ўйинларининг саккизинчи кунги баҳсларида атлетларимиз яна бир олтин медалга сазовор бўлишди. Оғир атлетика бўйича 105 килогача вазнли полвонлар ўртасидаги беллашувларда юртимиз шарафини Осиё ва жаҳон чемпиони, Олимпия ўйинлари ғолиби, Ватанимиз фахри Руслан Нуриддинов ҳимоя қилди. Ушбу вазн тоифасида жами 7 нафар атлет ғолиблик учун супачага чиқишди.
Ҳали баҳслар бошланмасиданоқ ҳамюртимизнинг олтин медалга энг асосий даъвогар эканлиги кўриниб қолди. Чунки Руслан даст кўтаришдаги илк уриниши учун 185 кг., силтаб кўтаришда эса 225 килограммли тошларга буюртма берган бўлса, унга жиддий рақобат тақдим этиши кутилган ироқлик полвон Салвон Жасим Аббуд Алаифури мос равишда 179 ва 222 кг. тошларни буюртирган эди.
Даст кўтариш беллашувларида аксарият спортчилар Русланнинг илк уринишигача ҳам етиб боришолмади. Мисол учун, эронлик анча номдор атлет, 2016 ва 2017 йиллардаги Осиё чемпиони Муҳаммадризо Барори ўз иштирокини 176 килограмм билан якунлашга мажбур бўлди. Фақат Эрон терма жамоасининг бошқа бир аъзоси Али Ҳошимийгина Русланга яқинроқ келди, у ўз иштирокини 184 килограмм натижа билан якунлади. Нуриддинов эса илк уринишида 183, кейингисида 187 ва ниҳоят учинчи уринишда 191 килолик тошларни ўзига буйсундира олди ҳамда олтин медаль сари муҳим қадам ташлади.
Силтаб кўтариш мусобақалари ҳам ҳаяжонларга бой кечди. Бу йўналишда Нуриддинов ўз иштирокини 222 килограммлик тошни кўтариш билан бошлади ва мана шу натижанинг ўзиёқ амалда уни Осиё ўйинлари ғолибига айлантирди. Кейинги уринишда ҳамюртимиз ўз натижасини яхшилаш учун супачага чиқди ва 230 килограмм натижани ўзига буйсундирди. Иккикурашда Нуриддинов 421 килограмм натижа билан Осиё ўйинлари рекордини янгилади.

 

ЎзА