Ўзбекистонда атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш тизими жорий этиладими?

Пойтахтимизнинг «Wyndham Tashkent» меҳмонхонасида Ўзбекистонда атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш тизимини жорий этиш аҳамиятига бағишланган семинар ўз ишини бошлади.

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Марказий Осиё минтақавий экология марказининг мамлакатимиздаги филиали, БМТ Европа иқтисодий комиссияси ва Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг мамлакатимиздаги лойиҳалари координатори (ЕХҲТ) ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Олий Мажлис Сенати, Қонунчилик палатаси депутатлари, тегишли вазирлик ва идоралар мутахассислари, нодавлат ва нотижорат ташкилотлар вакиллари, олий ўқув юртларининг профессор ва ўқитувчилари иштирок этмоқда.

Тадбир очилишида Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Ў.Ўтаев, Марказий Осиё минтақавий экология марказининг мамлакатимиздаги филиали директори Ш.Умарова, БМТ Европа иқтисодиёт комиссияси атроф-муҳит масалалари бўйича ҳудудий маслаҳатчиси С.Раднаарагчаа, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг мамлакатимиздаги лойиҳалари координатори Ж.Макгрегор ва бошқалар сўзга чиқиб, атроф-табиий муҳитга кўрсатилаётган антропоген таъсирни камайтиришда экологик хавфсизликни таъминловчи комплекс чораларни қабул қилиш ва уларнинг амалий аҳамият ҳақида тўхталиб ўтди.

262A1748.JPG

Экспертларнинг хулосасига кўра, инсон саломатлигига таъсир этувчи омилларнинг 20-25% атроф-муҳит билан боғлиқ экан. Масалан, атмосфера ҳавоси ва сув объектларининг ифлосланиши, тупроқнинг деградацияси, зарарланган атроф-муҳитда етиштирилаётган, ёки ишлаб чиқарилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва бошқа омиллар инсон саломатлигига ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди.

– Бу каби долзарб масалалардан келиб, ушбу семинар мамлакатимизда давлат экологик экспертизаси соҳасидаги қонун ва қонуности ҳужжатларини халқаро стандартлар ва Эспо Конвенцияси талабларига мослаштириш, бу борада хориж тажрибасини ўрганиш ва таҳлил этишга бағишланди, – деди қўмита ҳузуридаги Давлат экологик экспертиза маркази бошқарма бошлиғи Адҳам Қурбонов. – Мақсад эса Ўзбекистонда атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш тизимини жорий этиш аҳамиятини ўрганишдир. Бунда ҳуқуқий масалалар бўйича халқаро эксперт Ержи Ендрошканинг атроф-муҳитга таъсирни баҳолашнинг халқаро концепцияси ва Эспо Конвенция талаблари ҳақида маърузаси иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, БМТ Европа иқтисодий комиссиясининг Трансчегаравий контекстда атроф-муҳитни баҳолаш тўғрисидаги Конвенцияси 1991 йил 25 февралда Финляндиянинг Эспо шаҳрида қабул қилинган. Ушбу Эспо Конвенциясига 50 га яқин мамлакат аъзо бўлган.

Эслатиб ўтамиз, семинар эртага ҳам ўз ишини давом эттиради.

 

Насиба Зиёдуллаева, А.Якубов (сурат), ЎзА