Парламентлараро алоқалар янги босқичга кўтарилади

Мамлакатимизда давлат ташрифи билан бўлиб турган Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон 18 август куни ўзи учун ажратилган қароргоҳда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоиловни қабул қилди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Тожикистон Президентларининг сиёсий иродаси, қатъияти туфайли мамлакатларимиз ўртасида барча соҳалардаги муносабатларда янги саҳифа очилди. Тожикистон раҳбарининг Ўзбекистонга илк давлат ташрифи тенг ҳуқуқли, ўзаро манфаатларга асосланган ўзаро муносабатларни стратегик даражага кўтарди.
Ташриф доирасида Президентлар икки томонлама муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини, сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликнинг устувор йўналишларини муҳокама қилди, долзарб минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашди.
Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги муносабатлар мустаҳкам ҳуқуқий асосга эга. 1992 йилда мамлакатларимиз ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганидан буён ўзаро ҳамкорликнинг деярли барча соҳаларига доир кўплаб давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро шартнома ва битимлар имзоланган.
Парламентлараро ҳамкорлик ҳам изчил ривожланмоқда – 2017 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қошида Тожикистон парламенти билан ҳамкорлик бўйича гуруҳга асос солинди. Тожикистон парламентида ҳам мамлакатимиз парламенти билан дўстлик гуруҳи фаолият юритмоқда.
Учрашувда Тожикистон Президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи ғоят самарали кечаётгани, томонларни қизиқтирган барча масалалар бўйича якдил келишувларга эришилгани қайд этилди. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси билан Тожикистон Республикаси ўртасида Стратегик шериклик тўғрисида шартнома имзолангани мамлакатларимиз муносабатларини юксак даражага кўтариши алоҳида таъкидланди.
Мамлакатларимиз ҳамкорлигини янада ривожлантириш, давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро имзоланган ҳужжатларни ратификация қилиш ва ижросини назорат қилишда парламентлар фаоллигини ошириш зарурлиги қайд этилди.
Эмомали Раҳмон парламентлараро алоқаларни батафсил муҳокама қилиш ва ҳамкорликнинг аниқ қирраларини белгилаб олиш учун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоиловни Тожикистонга таклиф этди.

 

М.Элмуродов, А.Абдуллаев (сурат), ЎзА