Ўзбекистоннинг барча туман ва шаҳарларидаги қишлоқ хўжалиги ҳамда озиқ-овқат соҳаси кўрсаткичларини тўлиқ қамраб олувчи «Омбор китоби» лойиҳаси рақамлаштирилди.

Аграр ва озиқ-овқат соҳаларидаги стратегик мақсадларни амалга оширишга қаратилган ушбу лойиҳа Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида 2024 йил якунларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда белгиланган устувор вазифалар асосида ишлаб чиқилган. Бу мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим қадам ҳисобланади.

«Агросаноатни рақамлаштириш маркази» МЧЖ томонидан ишлаб чиқилган мазкур тизим «ер баланси», «сув баланси», «озиқ-овқат баланси», «инвестиция-экспорт» каби асосий йўналишлардаги маълумотларни бошқаради. Бу орқали қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш самарадорлигини ошади.

Бунда вазифалар мониторинг қилинади ва ижро жараёнлари бевосита кузатиб борилади. Шунингдек, ахборот тизими билан ишлашни йўлга қўйиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, вилоятлар бошқармалари ва туман бўлимлари вакиллари учун семинар-тренинглар ташкил этилди.

«Омбор китоби»нинг асосий мақсади – озиқ-овқат хавфсизлиги стратегиясини такомиллаштириш, қишлоқ хўжалиги ресурсларини самарали бошқариш ва экспорт имкониятларини оширишдан иборат. Жорий йил давомида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан белгиланган прогноз параметрларга эришиш бўйича тизимли ишлар олиб борилади.

Ушбу лойиҳанинг амалиётга жорий этилиши Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасини замонавийлаштириш ва глобал рақобатбардошликни оширишда улкан ютуқларга олиб келиши кутилмоқда, дейилади Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотида. Қолаверса, мазкур тизим умумий жараёнлар давомида янада такомиллаштириб борилади.

М.Ҳожиакбарова, ЎзА