Президент Шавкат Мирзиёев раислигида инвестицияларни кенг жалб этиш ва экспортни ошириш борасидаги ишлар натижадорлиги ҳамда келгусидаги асосий вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши давом этмоқда.
Ҳар бир доллар инвестициянинг самарадорлигини ошириш ҳудуд ва тармоқлар раҳбарларининг асосий вазифаси бўлиши кераклиги таъкидланди.
Сўнгги етти йилда киритилган 120 миллиард доллар инвестиция ҳисобига 6 мингдан ортиқ корхона ишга тушди. Таҳлиллар кўрсатишича, жалб қилинган ҳар 1 минг доллар инвестиция йилига ўртача 530 доллар қўшилган қиймат яратмоқда.
Тоғ-кон саноатида бу кўрсаткич 700 долларга етгани сабабли соҳага Германия, Туркия, Хитой ва бошқа давлатлардан инвесторлар кириб келишни бошлади.
Лекин “Ўзбекнефтгаз”, «Ўзметкомбинат» ва қурилиш материаллари тармоғида инвестиция самарадорлиги бошқа тармоқларга нисбатан 2 баробар паст. Инвестиция ҳисобига қўшилган қиймат Сирдарёда республика кўрсаткичидан 3 баробар, Бухоро ва Қорақалпоғистонда 2 баробар кам.
230 та тадбиркорнинг божхона омборларида узоқ муддатдан буён сақланаётган 120 миллион долларлик ускуналар эгаларига етказилди. Лекин яна 105 та тадбиркорнинг 110 миллион долларлик ускуналари омборларда турибди.
Мутасаддиларга ушбу ускуналарни эгаларига етказиш бўйича “йўл харитаси”ни тасдиқлаш топширилди.
ЎзА