Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик алоқалари янги босқичга кўтарилмоқда. Ушбу йўналишда икки томонлама ташаббус янги лойиҳаларни амалга ошириш борасидаги ишлар кенгаймоқда.
Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари вазифасини бажарувчи Жамшид Абдузуҳуров АҚШнинг CNFA ташкилоти вакиллари билан учрашув ўтказди.
Унда икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, янги лойиҳаларни амалиётга татбиқ этиш масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш иқлим ўзгариши муаммоларига қарши курашиш борасида CNFA ташкилоти билан биргаликда янги лойиҳаларни жорий этиш, бунда АҚШ тажрибасини Ўзбекистонда жорий этиш масалалари муҳокама марказида бўлди, дейилади Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотида.
АҚШ ташкилоти лойиҳаларни жорий этишда озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қадоқлаш ҳамда бир қанча йўналишларда ўз таклифларини билдириб ўтди.
Учрашув якунида иқлим ўзгаришига қарши курашиш борасидаги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ҳамда лойиҳалар бўйича якуний таклифлар ишлаб чиқишга келишиб олинди.
М.Ҳожиакбарова, ЎзА