Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон «Ўзэкспомарказ»да ташкил этилган Тожикистон саноат маҳсулотлари кўргазмаси билан танишди.
Икки давлат ишбилармонлари учун ўзига хос майдонга айланган ушбу кўргазмадан турли соҳаларда фаолият юритаётган компаниялар маҳсулотлари, шунингдек, олий ўқув юртлари, илмий-ишлаб чиқариш марказларининг инновацион лойиҳа ва ишланмалари ўрин олган.
Мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик изчил ривожланмоқда. Ўзбекистондан Тожикистонга енгил автомобиллар, юк машиналари, қишлоқ хўжалиги техникаси, металлургия, электротехника, қурилиш моллари, озиқ-овқат ва тўқимачилик саноати маҳсулотлари экспорт қилинаётган бўлса, Тожикистон мамлакатимизга қурилиш материаллари, цемент, альюмин каби маҳсулотларни етказиб бермоқда.
Президентлар экспозиция билан танишар экан, мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантиришда бундай кўргазмалар муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этдилар. Икки мамлакат иқтисодиёт тармоқлари ўртасида ҳамкорлик муносабатларининг кенгайтирилиши ишлаб чиқариш жараёни такомиллашишига ва маҳсулотларнинг янада оммавийлашишига хизмат қилишини таъкидладилар.
Зиёдулла Жонибеков, Оқил Ғуломов (сурат) ЎзА