Халқларимиз узилмас маънавий ришталар билан боғланган

Олий даражадаги Ўзбекистон-Тожикистон мулоқотлари якунида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинг ўтказилди. 
Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон музокаралар очиқлик, ўзаро англашув ва дўстона руҳда ўтгани, имзоланган ҳужжатлар мамлакатларимиз халқлари манфаатларига хизмат қилишини таъкидладилар.
– Тожикистон Республикаси Президенти, дўстим ва биродарим, муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг мамлакатимизга илк давлат ташрифи икки томонлама ҳамкорликда янги уфқларни очди. Биз сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт, сув-энергетика ва бошқа муҳим соҳалардаги ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашга доир долзарб масалаларни муҳокама қилдик. Амалга оширилган улкан ва пухта ҳамкорликдаги ишлар самарасида бугун Стратегик шериклик тўғрисидаги шартномани имзоладик. Бу муносабатларимизда янги давр бошланганидан далолатдир, – деди Шавкат Мирзиёев.
– Муҳтарам Шавкат Миромонович билан олий даражадаги музокараларимиз якунини ғоят самарали ва қониқарли, деб баҳолаймиз. У тожик-ўзбек муносабатларини стратегик шериклик, ўзаро ҳурмат, дўстлик ва яхши қўшничилик асосида мустаҳкамлаб боришга интилиш ва қатъий аҳдимизни яна бир бор тасдиқлади. Ўзбекистонга илк давлат ташрифим давомида ҳамкорликнинг ҳал этилмаган бирор масаласи қолмади. Биз барча кўтарилган масалалар бўйича аниқ хулосаларга эришдик. Бу эса келгусида,албатта ўзининг ижобий натижаларини беради, – деди Эмомали Раҳмон.
Тожикистон Президенти халқларимиз ўртасидаги дўстлик, самимий биродарлик муносабатларининг яққол намунаси сифатида Президент Шавкат Мирзиёевга буюк шоир ва мутаффакир Алишер Навоий асарлари таржимаси тўпланган “Чашмаи хирад” китобини совға қилди.
Тожикистон Президентининг мамлакатимизга давлат ташрифи давом этмоқда.

 

Матназар Элмуродов, ЎзА