Ўзбекистон ва Тожикистон Президентлари тор доирада музокара ўтказди

Кўксарой қароргоҳида 17 август куни мамлакатимизга давлат ташрифи билан келган Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмонни расмий кутиб олиш маросими бўлди. Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. 
Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон шоҳсупага кўтарилдилар. Ўзбекистон ва Тожикистон давлат мадҳиялари янгради. Президентлар фахрий қоровул сафи олдидан ўтдилар.
Расмий кутиб олиш маросимидан сўнг давлат раҳбарлари тор доирада учрашув ўтказди.
Президентимиз Тожикистон раҳбарини самимий қутлаб, Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасида қисқа муддатда мустаҳкам ҳамкорлик қарор топгани, бу ташриф изчил мустаҳкамланиб бораётган ўзаро манфаатли ва фаол мулоқотнинг мантиқий давоми эканини алоҳида таъкидлади.
– Қўшни Тожикистон билан дўстона муносабатларни ривожлантириш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Муҳтарам Эмомали Шарипович, Сизнинг Ўзбекистонга давлат мақомидаги илк ташрифингиз бундан далолат беради. Биз уни ўзаро ишончга асосланган сиёсий мулоқотимизнинг давоми сифатида баҳолаб, икки томонлама муносабатларни янада юксак даражага кўтариш ва уни янги амалий мазмун билан бойитишга тайёрмиз, – деди Шавкат Мирзиёев.
15c76423-b074-b8c2-9cff-ac5cc1ee1b67.jpg
Тожикистон Президенти ушбу учрашув икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш жараёнидаги муҳим босқич, ҳамкорликнинг бугунги ҳолатини ҳар томонлама таҳлил қилиш, истиқболдаги устувор йўналишларни белгилаб олиш учун яхши имконият эканини таъкидлади.
Муҳтарам Шавкат Миромонович, қардош ўзбек диёрига таклиф этганингиз ва самимий меҳмондўстлик учун беҳад миннатдормиз. Мамлакатларимиз ўртасида ўзаро ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш яхши анъанага айланди. Сизнинг Тожикистонга давлат ташрифингиз мамлакатларимизнинг алоқаларини тиклади, барча соҳалардаги комплекс масалаларни изчил ривожлантиришга кучли туртки берди. Сизнинг оқилона сиёсатингиз туфайли Ўзбекистон улкан ютуқларни қўлга киритмоқда, одамларнинг ишончи юксалмоқда. Бугунги ташриф халқларимизнинг фаровонлиги учун муҳим аҳамият касб этади, – деди Эмомали Раҳмон.
Мулоқотда турли соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш, ҳудудлар, йирик корхоналар ва тадбиркорлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, маданий-гуманитар алоқаларни фаоллаштиришга эътибор қаратилди, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашилди.

 

Матназар Элмуродов, ЎзА