Олимпия захиралари мактабларига 6-синфдан қабул қилинади

Олимпия захиралари мактабларига қабул қилиш тартиби белгиланди.
Ҳукумат қарори билан Ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатига ўқувчиларни қабул қилиш, аттестациядан ўтказиш ва уларнинг ўқишини кўчириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Бу ҳақида Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” канали хабар қилмоқда.
Мактаб-интернатга ўқувчилар танлов асосида 6-синфдан қабул қилинади.
Ўқувчилар 20 июнь – 20 июль мобайнида қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши лозим:
 
ўқувчининг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан мактаб-интернат директори номига ариза;
 
туғилганлик тўғрисида гувоҳнома нусхаси;
 
тиббий маълумотнома;
 
турар жойидан маълумотнома;
 
3,5 х 4,5 ҳажмдаги 8 та рангли фотосурат.
Касбий (ижодий) имтиҳонлар 100 балли тизим бўйича баҳоланади ва умумий жисмоний тайёргарлик учун – 30 балл ҳамда махсус жисмоний тайёргарлик учун – 70 балл ажратилади.
Касбий имтиҳонлар 21 июль – 28 июль мобайнида ўтказилади ва натижалар 1 августда эълон қилинади.
Натижалардан норози бўлган шахслар уч кун муддатда мактаб-интернатнинг қабул комиссиясига ариза билан мурожаат қилишлари мумкин.
Қуйидаги ҳолатларда ўқувчининг ўқиши мактаб-интернатдан бошқа таълим муассасасига кўчирилади:
ўз хоҳишига кўра;
 
аттестация комиссиясининг қарорига кўра;
 
тиббий номувофиқлик бўлганда – врач хулосасига кўра;
 
ўқув интизоми ва ички тартиб-қоидаларни бузганда.

 

ЎзА