Электр тармоқлари атрофида хавфсизликни таъминлаш ва фойдаланиш қоидаларига риоя қилиш муҳим ҳисобланади. Шу боис, белгиланган нормаларга мувофиқ, электр тармоқлари хўжалиги объектларининг муҳофаза зоналари аниқ қоидалар асосида ўрнатилади.

Бу ҳақда «Ўзэнергоинспекция» ахборот хизмати раҳбари Наврўзбек Норбобоев қуйидагиларни маълум қилди.

– Электр тармоқлари муҳофаза зоналари энергия таъминоти тизимида хавфсизликни таъминлаш ва атрофдаги одамлар ҳамда иншоотларни ҳимоя қилиш учун жуда муҳимдир. Муҳофаза зоналари кучланиш даражасига қараб аниқ масофаларда белгиланади ва бу қоидалар электр токи билан боғлиқ хавф-хатарларни камайтиришга ёрдам беради.

Бундай зоналарда қурилиш ишларини амалга ошириш, транспорт воситаларини жойлаштириш ёки бошқа хатарли фаолиятлар билан шуғулланиш тақиқлангани ҳар бир фуқаронинг хавфсизлиги учун муҳим ўрин тутади. Ушбу қоидаларга риоя қилиш нафақат шахсий хавфсизликни, балки энергетика тармоғининг барқарор ишлашини ҳам кафолатлайди.

Қайд этганимиздек, муҳофаза зоналари кучланиш даражасига қараб белгиланади. Масалан, 1 киловольтгача кучланишли тармоқлар учун муҳофаза зонаси икки метр этиб белгиланган. 20 киловольт кучланишли тармоқлар учун бу масофа ўн метрни ташкил этади.

Агар тармоқ аҳоли пунктлари чегарасидаги изоляцияланган ёки ўзини ўзи тутиб турувчи симли линияларга тегишли бўлса, масофа беш метргача қисқаради.

35 киловольт кучланишли тармоқлар учун муҳофаза зонаси ўн беш метрни ташкил қилади. 110 киловольт кучланишли тармоқлар учун бу масофа йигирма метргача ошади.

220 киловольт кучланишли тармоқлар учун муҳофаза зонаси йигирма беш метр этиб белгиланади. 500 киловольт кучланишли тармоқлар учун эса бу масофа ўттиз метрни ташкил этади.

Мазкур муҳофаза зоналари электр узатиш тармоғининг четки симларидан ҳар икки томонга вертикал текислик билан чегараланган ер майдони ва ҳаво бўшлиғидан иборат. Бу ҳудудда уй, бино, иссиқхона ва бошқа турдаги қурилиш ишларини амалга ошириш қатъиян ман этилади.

Таъкидлаш лозимки, электр тармоқлари яқинида хавфсизликка риоя қилиш фуқаролар ва атроф-муҳит учун жуда муҳим. Белгиланган қоидаларга амал қилиш ҳалокатли ҳолатларнинг олдини олишга ёрдам беради ва энергетика инфратузилмасининг узлуксиз ишлашини таъминлайди. Шу боис, ҳар бир фуқаро ушбу талабларга риоя қилишга масъулдир.

ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева ёзиб олди.