Бу кимнинг “Реал”и?

Балки ҳозир ёзадиган фикрларимнинг бирортасига қўшилмассиз. Шунингдек, ишонишга ҳам мажбур эмассиз.
Хоҳлайсизми-йўқми биз билган “Реал” Роналдуга ипсиз эмас, жуда йўғон арқон билан боғланиб қолган экан. Ҳа, шундай.
Жамоанинг кечаги натижаси учун мураббий жавобгар деб ўйлаганлар адашади. “Атлетико” зўр ўйнади, деб ўйласангиз ҳам адашасиз. Келинг, куч, омад, ишонч ва яна алламбалолар билан ўзимизни алдамайлик. Роналдуга боғланган экан. Тамом!
Роналдусиз “Леганус” ва “Алавес”ларни ютишларини кўриб, бўлди, “Реал” Криштианусиз ҳам ўйнай олар экан, деган тасаввур пайдо бўлиб қолганди. Кейин билсак, алданган эканмиз. Аниқроғи, ўзимизни алдаб юрган бўлиб чиқдик.
Portugal-v-Spain-Group-B-2018-FIFA-World-Cup-Russia-1.jpg
Кеча “қаймоқ ранглилар”нинг ҳужумини якунловчи футболчи топилмади. Шундай. Наҳотки, бутун аср давомида исталган жамоага, ўзи истаганича гол урадиган клубда тузук бир ҳужумчи топилмаса?! Қизиғ-а?!
Мураббий мавсумолди ўйинларидаги ғалабаларга сармаст бўлиб қолган кўринади. Ҳали бир муқим тактикага ҳам эга эмасдек. Кеча клуб “Барса”га ўхшаб ўйнади. Тавба. Илгариги қарши ҳужумлардан асар ҳам йўқ. Ҳаммаёқ “тики-така”.
6690967c65d878bf2fe81f97dd3cfcd06b350377.jpg
Балки “Атлетико” ёзги трансферлар давомида фойдали харидларни амалга оширди-ку дерсиз, бироқ бу сиз ва мен билган “Реал”ни енгиш учун етарли эмасди. Жамоада етакчи йўқ. Рамос бор-ку дерсиз, йўқ, Рамос сардор, етакчи эмас. Ҳамиша ҳар бир клуб бир футболчининг атрофида қурилиши керак. Ана шу етакчи ролини ҳозир мадридликларда ҳеч ким ўйнаб бера олмаяпти. Тўғри-да, сайёрамизнинг энг кучли икки футболчисидан бири бўлмиш спортчининг ўрнини ким ҳам боса оларди?!
Спортга оид ОАВларда Лопетеги “янги Реал”ни Асенсио атрофида жамларкан, деган олди-қочди гаплар юрганди. Бўлмаган гап. Асенсио етакчи бўлолмайди. У ёш ҳамда тажрибасиз. Қўшимчасига етакчилик қобилияти йўқ. Ахир унинг мураббийси Фергюссон эмас-да!
detws-201808151217.jpg
Ечим нимада биласизми? Ечим Пересда. Агар трансферлар ойнаси якунлангунча жамоага янги «қон» олиб кирмаса, бу мавсум “улоқ”ни бошқа клублар илиб кетиши ҳам тайин.
Аммо кечаги мағлубиятнинг жамоа учун фойдали жиҳати ҳам бор. У ҳам бўлса, анчадан буён финалларда мағлуб бўлмай келаётган футболчилар ниманидир тушунишади. Симеоне шогирдларидан учралган мағлубият йигитларнинг кўзларини очади, назаримда.
2399063-49880030-2560-1440.jpg
Перес жамоани нима қилмоқчи? Сиз ҳам, мен ҳам худди Зидандек ҳайрону лолу гирёнмиз. Аммо яна бир томони борки, Флорентино бир нарсани билмаса, қилмайди. Бирор кўзлагани бордир бу азаматни. Балки яқин бир-икки йилда бошқачароқ “галактикос”ни кўрармиз.
Ҳаммамиз билган “Реал” бошқача ўйнарди-а? Озроқ ҳадик билан ўйинини кўрардигу, аммо ютишига ишонардик. Бизни шу нарсага бекор ўргатиб қўйган экан ЗиЗу. У майдонга бошлаб тушадиган футболчиларнинг кўзлари ёниб турарди, ғалабага чанқоқ бўларди, руҳан тетик кўринарди. Энг қизиғи, мухлислар клубдан нима кутаётганини биларди йигитлар. Ҳозир эса…
Хуллас, кечаги ўйиндан сўнг узоқ ўйланиб, ўзимга-ўзим савол бердим: Бу кимнинг “Реал”и?!

 

Шоҳрух Нўъмонов, ЎзА