Сўнгги вақтларда Рақобат қўмитасига кўп квартирали уйлар қурилиши юзасидан мурожаатлар кўпайган. Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида 1700 га яқин мурожаатлар келиб тушган. Кўрилган чоралар натижасида 20 млрд. сўмга яқин маблағлар истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинди.

Ушбу ҳолатлар юзасидан республикадаги 129 та қурувчи корхоналарнинг шартномалари таҳлил қилинганда кўплаб камчиликлар борлиги аниқланди.

“Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга асосан, давлат истеъмолчиларнинг товар (иш, хизмат) сотиб олиши ва ундан фойдаланиш чоғидаги ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатлари ҳимоя қилинишини кафолатлаши, истеъмолчи сотувчи билан шартномавий муносабатларда қонунчиликда назарда тутилган ўз талаблари қаноатлантирилиши учун устувор ҳуқуққа эгалиги белгиланган.

Қўмита уй-жой сотиб олишда шартнома шартлари билан батафсил танишиб чиқишни, асосий жиҳатлар яъни қурилиш муддатлари, томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, уларнинг ўзаро мутаносиблиги, қурилиш ва фойдаланишга топшириш муддатлари, муддатлар юзасидан жавобгарлик назарда тутилганлигига, компаниянинг иш тажрибаси ва қурувчининг ишончлилигига ишонч ҳосил қилишни сўраб қолади. Бунда электрон рўйхат ва “Шаффоф қурилиш” тизимида мавжудлигини очиқ манбалардан текшириш мумкин.

Н.Раҳмонова, ЎзА