Азалий қадриятимиз курашнинг халқаро майдонда ривож топиши, жаҳон миқёсида янада кенг эътироф этилишида номоддий маданий мерос тизимидан ўрин эгаллаши муҳим омил саналади.
Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги, Халқаро кураш ассоциацияси, Ўзбекистон кураш федерацияси, етакчи спорт мутахассислари, маданият, спорт ва мерос соҳаси экспертлари ЮНЕСКОнинг минтақавий вакиллари билан ҳамкорликда кенг миқёсли ишлар олиб борилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, кураш спортини инсоният номоддий маданий мероси сифатида ЮНЕСКО томонидан эътироф этилиши Ўзбекистоннинг бой маданий ва тарихий меросини дунё миқёсида тан олишга қаратилган йирик қадам саналади.
Ота-боболаримиздан мерос кураш нафақат жисмоний машғулот, балки ўзида инсонпарварлик, ҳалоллик ва олижаноблик каби умумбашарий қадриятларни мужассамлаштиргани билан ҳам халқаро майдонда эътибор қозонмоқда. Мазкур жараёнларни ташкил этиш борасида Халқаро кураш ассоциацияси, Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги, Халқаро кураш институти, Ўзбекистон кураш федерацияси ва ЮНЕСКО ишлари бўйича миллий комиссия вакилларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан номзодлик ҳужжатлари ишлаб чиқилди.
Ушбу масалага бағишланган йиғилишда иштирок этган спорт вазири Адҳам Икромов Халқаро кураш ассоциацияси, маданият, спорт ва мерос соҳасининг етакчи вакиллари, кураш мутахассислари, ЮНЕСКО халқаро ҳукуматлараро ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда курашни инсониятнинг номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритилиши бўйича бир йил давомида номзодлик лойиҳаси тайёрланишини билдириб ўтди.
Унга кўра, номоддий маданий мерос объекти – кураш бўйича маълумотлар базаси шакллантирилди. Бу жараёнда Ўзбекистон Республикаси спорт вазирлиги, Халқаро кураш институти ва Ўзбекистон кураш федерациялари билан амалий ишлар олиб борилмоқда.
Айтиш лозим, бугунгача Ўзбекистон томонидан ЮНЕСКОнинг номоддий маданий мероси рўйхатига Наврўз байрами, палов маданияти ва анъаналари, аския, катта ашула, Бойсун туманининг маданий муҳити, шашмақом ва бахшичилик санъатлари киритилган.
Йиғилиш давомида курашнинг ушбу рўйхатга киритилиши борасида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар тўғрисида маълумотлар тақдим этилди. Бу жараён эса келгусида спортнинг маданий ролини тан олишда катта аҳамиятга эга экани таъкидланди.
Т.Рўзиев,
ЎзА