Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош қўмондони Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йил 12 январь куни ўтказилган Хавфсизлик Кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида берилган топшириқлар асосида вилоятда аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Хусусан, ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш орқали ҳарбий хизматга қизиқтириш, касб-ҳунар ва тадбиркорлик соҳасига ўқитишга алоҳида эътибор қаратиляпти.

Ўсмир йигит борки, бир бора бўлса-да, ҳарбийлар ҳаёти билан танишиш, ҳарбий либос кийишни орзу қилади. “Жасорат мактаби” ўқув йиғини ана шундай ёшлар учун айни муддао бўлмоқда.

“Ёшлар форуми-2024” доирасида “Жасорат мактаби” ўқув-йиғинининг навбатдаги мавсуми очилиш маросими байрамона шукуҳда ўтказилди.

Унда сўзга чиққанлар ёшларга ишонч билдириб, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ҳаётда ўз ўрнини топиши, касб-ҳунар ўрганиши, бандлигини таъминлаш ҳамда юртимиз келажаги учун дахлдорлик ҳиссини уйғотиш мақсадида давлатимиз томонидан яратилаётган имкониятларни таъкидлади.

Ёшлар ўзларининг қизиқишларидан келиб чиқиб, мутасаддиларга, ҳарбийларга саволлар билан юзландилар ҳамда керакли тавсия ва тушунчалар олдилар.

Тадбир давомида ҳарбий қисм шахсий таркибининг “Қўл жанги” чиқишлари йиғилганларга харбийча руҳ бағишлади. Шунингдек, йиғин иштирокчилари қурол-яроғ, ҳарбий техника кўргазмалари билан танишди.

Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари