Қозоғистоннинг Остона шаҳрида гандбол бўйича эркаклар ва аёллар жамоалари ўртасида давом этаётган Марказий Осиё чемпионатининг иккинчи кунги мусобақалари Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси учун муваффақиятли ўтди.

Мамлакатимиз гандболчилари Қозоғистон жамоаси билан куч синашган бу галги учрашувда кутилмаган вазият рўй берди.

Ишқибозлар ва мутахассислар қозоғистонликларнинг устунлигини башорат қилган эди. Бироқ барчаси бошқача кечди. Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари ғалабага бўлган кучли иродасини намойиш этиб, мезбонларни мураккаб кечган ўйинда 38:32 ҳисобида доғда қолдиришга эришди.

Эслатиб ўтамиз, 21 декабрга қадар давом этадиган чемпионатнинг биринчи кунида Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси Қирғизистон жамоасини 41:29 ҳисобида мағлуб этганди.

Чемпионатнинг эркаклар жамоалари ўртасидаги баҳсларида Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон, Покистон ва Мўғулистоннинг эркаклар терма жамоалари ғолиблик учун кураш олиб бормоқда.

Т.Рўзиев, ЎзА