Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги билан ҳамкорликда Нукусда меҳнат ярмаркасини ташкил этди.

Унда республиканинг шаҳар ва туманларидаги 810 та муассаса ва корхона, хусусий тадбиркорлик субъектлари 2 минг 800 га яқин иш ўрни билан иштирок этди. Тадбирдан кўзланган мақсад аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини камбағалликдан чиқариш, фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, касб-ҳунарга бепул ўқитиш ва қайта ўқиш бўйича курсларга йўлланмалар берилишини таъминлашдан иборатдир.

Шунингдек, фуқароларга ўзини ўзи банд қилиш мақсадида субсидия ҳисобидан асбоб-ускуналар берилишини таъминлаш, имконияти чекланганларнинг ўзини ўзи банд қилган маҳсулотларини сотиш бўйича тизимли ёрдам кўрсатиш ҳам кўзда тутилган. Ярмаркада 810 та корхона ва ташкилот ўзларидаги 2 минг 789 та бўш иш ўрни билан қатнашди. Тадбир давомида 60 нафар фуқаро доимий ишга жойлашган бўлса, 81 нафар фуқарога ишга жойлашиш учун йўлланма берилди.

– Бундай тадбирларнинг мунтазам ўтказилиши аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади, – дейди Нукус шаҳридан Г.Зинатдинова. – Уч йилдан бери ишсиз эдим. Меҳнат ярмаркасида қатнашиб, мактабгача таълим ташкилотига ёрдамчи тарбиячи сифатида ишга қабул қилиндим. Бунинг учун ташкилотчиларга миннатдорлик билдираман.

Меҳнат ярмаркасида иштирокчилар муассасалардаги бўш турган иш ўринлари билан танишиб, ўзлари хоҳлаган жойларга ишга кириш бўйича шартномалар тузишди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА