Дўстлик ва ҳамжиҳатликнинг янги даври

Ўзбекистонлик бир гуруҳ журналистлар танишув сафари билан Тожикистонда бўлдик. Сафар олдидан Тожикистон Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Содиқ Имомий ушбу тадбир Президент Имомали Раҳмоннинг Ўзбекистонга давлат ташрифи арафасида ташкил этилаётгани билан аҳамиятли эканини қайд этди.
Тожикистонда бир довон бор…
Сафаримиз давомида Хўжанд шаҳрида бўлиб ўтган учрашувлар, таассуротлар ҳақида аввал хабар берган эдик. Ушбу шаҳарда жойлашган Шайх Маслиҳаддин мақбараси зиёратидан сўнг машҳур «Пайшанба» бозорини томоша қилдик. Кечаю-кундуз ишлайдиган бозорда мева-сабзавотлар, қовун-тарвузлар нархи бизнинг бозорларимиз билан деярли тенг. Бозорнинг гавжум расталарида ўзбек маҳсулотлари учун ҳам алоҳида жойлар ажратилган. Эътиборли жиҳати, Ўзбекистон маҳсулотларига бу ерда қизиқиш катта. Хўжандликлар буни икки давлат ўртасида ўрнатилган мустаҳкам дўстлик алоқаларининг самараси, дея эътироф этади.
Шундан сўнг Истарафшан шаҳрига йўл олдик. Бизни шаҳар ҳокими Баҳром Иноятзода кутиб олди. Шаҳарнинг қадимий Муғ тепалигида жойлашган амфитеатрда Истарафшан ҳунармандлари кўргазмаси бўлди. Бу ерда каштачилик, кулолчилик, гиламдўзлик, пичоқчилик, ёғоч ўймакорлигига оид ҳунармандлик маҳсулотлари намойиш этилди. Сўнг Шаҳристон томон йўл олдик ва бу ердаги хушманзара дам олиш масканида бўлдик.
Кейинги манзилимиз Душанбе шаҳри бўлди. Пойтахтга етиб олиш учун довондан ўтиш керак. Бу довон таърифини кўпчилик эшитган. Тожикистонга келиб шу довондан ўтмаган сайёҳ мамлакатнинг ҳақиқий гўзаллигидан бебаҳра қолган ҳисобланади. Йўлимиз давомида бунга амин бўлдик. Довон бўйлаб ҳаракатланар эканмиз, баланд ва охири кўринмайдиган тоғ тизмалари одамга завқ бағишлайди.
Душанбегача иккита туннелдан ўтдик. Бири 8 километр, иккинчиси 5 километр экан. Манзара ҳақиқатан гўзал. Пастга туша бошладик. Англадикки, манзилга яқинлашдик. Йўл-йўлакай Варзоб дарёсининг жўшқин сувларини томоша қилиб бордик. Ва, ниҳоят, Душанбе шаҳрига етиб келдик.
Душанбе таассуротлари
Дастлаб Тожикистон Миллий кутубхонасига бордик. Кутубхона директори Абдусалом Мирализода мазкур зиё маскани ҳақида маълумот берди. 2012 йилда Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон ташаббуси билан бунёд этилган кутубхонанинг баландлиги 52 метр, 3 миллионга яқин китоб фондига эга. Кутубхона 36 бўлимдан иборат бўлиб, 20 га яқин ўқиш заллари мавжуд. Энг катта зал 500 кишига мўлжалланган. Шунинг ўзи мамлакатда илм-фан, маънавият-маърифатга бўлган эътибор юқори эканини кўрсатади.
Тарихий китоблар бўлимида турли даврларга оид қадимий китоблар сақланади. Қозон шаҳридан олиб келинган Қуръоннинг кичик нусхаси барчанинг эътиборини тортди. Шунингдек, кутубхонада ўзбекча китоблар сақланадиган алоҳида бўлим мавжуд. Бу китобларни Тожикистонда фаолият юритаётган олимлар, шоирлар, профессор-ўқитувчилар ёзган.
Маълумки, ўзбек ва тожик халқи узоқ йиллик тарихга эга. Бу тарих икки давлат қанчалик яқин эканлигини исботлайди. Тожикистон Миллий музейи билан танишув давомида биз бунга яна бир бор амин бўлдик. Бу ерда 50 мингдан ортиқ экспонат, 3 мингдан ортиқ тарихий-маданий ёдгорлик сақланади. Музейда ўтмишдан то ҳозирга қадар Тожикистон тарихи акс этган. Шунингдек, мамлакатнинг янги тарихига оид маълумотлар билан танишдик. Мазкур муассасаларда бўлиб ўтган конструктив мулоқотларда икки давлатнинг маънавий соҳада амалга ошираётган ислоҳотлари хусусида фикр юритилди.
Шундан сўнг Тожикистоннинг яна бир тарихий маскани – Ҳисор шаҳридаги Ҳисор қалъасига келдик. Қалъа 3 минг йиллик тарихга эга. Қалъа ичидаги хоналарда ҳисорлик ҳунармандлар гиламдўзлик, каштачилик, дўппидўзлик билан шуғулланмоқда. Тожикистонда бу йил Туризмни ривожлантириш ва халқ ҳунармандлиги йили, деб эълон қилингани ҳунармандларга ушбу соҳани янада ривожлантириш учун кенг имкон яратмоқда.
Кейинги манзил Душанбе шаҳридаги “Talco cable” кабель ишлаб чиқариш корхонаси бўлди. Корхона бош директори Юсуф Шоҳиённинг таъкидлашича, ушбу корхона Германия, Чехия каби давлатларнинг замонавий технологиялари билан жиҳозланган. Ўзбекистоннинг “Ўзметкомбинат”, “Procab”, “Techno cabel group” корхоналари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Ушбу корхоналар билан 2 миллион АҚШ доллари миқдорида шартнома имзоланган бўлиб, мамлакатимиздан мис сим, ленталар ва бир неча турдаги тайёр хом ашёлар сотиб олиш режалаштирилган.
Шаҳардаги “Истиқлол” соғломлаштириш мажмуаси энг замонавий ва йирик марказий шифохоналардан бири. Бу ерга ташрифимиз чоғида даволаш, ташхис қўйиш, жарроҳлик ва бошқа диагностика хоналари билан танишдик. Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати, яратилган шароитлар, халқаро ҳамкорлик хусусида айтиб ўтилди. 10 гектар майдонда жойлашган шифохона бир вақтнинг ўзида 650 кишига хизмат кўрсата олади. Барча технологиялар, асбоб-ускуналар Германия, Швейцария ва бошқа давлатлардан келтирилган. Эътиборли жиҳати, юрак касалликлари бўлимида турли давлатлардан келган асосан ёш беморлар даволаниб кетишади. Жумладан, юрак нуқсони бўлган болалар шифо топади.
Спорт каналига ташриф ҳам қизиқарли бўлди. Замонавий студияда тўғридан-тўғри эфир, кўрсатув тайёрлаш учун барча шароит яратилган. Шундан сўнг тожикистонлик журналистлар иштирокида давра суҳбати ташкил этилди. Унда телевидениенинг ютуқ ва камчиликлари, ушбу соҳада ҳам ҳамкорлик қилиш масалалари кўриб чиқилди. Ўзаро фикр алмашилди.
Душанбедан Хатлон вилоятига
Сафарнинг тўртинчи куни Душанбедан Хатлон вилоятига йўл олдик. Йўл-йўлакай Норек сув омборини томоша қилдик. Кўлоб шаҳрига етиб келдик. У ерда бизни шаҳар ҳокими Хайрулло Омонулло кутиб олди. Сўнг Мир Саид али Ҳамадоний мақбарасини зиёрат қилдик. Ҳамадоний 1314 йил Ҳамадонда таваллуд топган. Умрининг 7 йили Кўлобда ўтган. Асосан ўзбеклар яшайдиган Томоша тепа маҳалласидаги мактабга бориб, у ерда халқ ҳунармандлиги кўргазмаси билан танишдик, оқсоқоллар билан суҳбатлашдик. Маҳалла кексаларидан бири Йўлдош Зокировнинг сўзларига кўра, бу ердаги ўзбеклар Қашқадарё вилоятидан келган. Маҳаллада 600 дан ортиқ оила яшайди. Кексалар ўзбеклар ва тожиклар эт билан тирноқ эканини таъкидлашди.
Кўлобдан сўнг Данғара туман марказига бордик. Дастлаб марказдаги Данғара давлат университети фаолияти билан танишдик. Университет ректори Нурали Шоҳиён Ўзбекистон олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилиш нияти борлигини айтди. Мазкур даргоҳда таълим олаётган 8,5 минг талабанинг 300 га яқини Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистондан келган. Университетда талабалар 65 мутахассислик бўйича таҳсил олади. Шу ерда талабалар томонидан тайёрланган замонавий шаҳарсозлик лойиҳаси макети, турли инновацион ихтиролар ҳамда ҳунармандлик кўргазмаси намойиш этилди.
Шундан сўнг тумандаги «Жунтай Данғара син силу текстиль» пахтани қайта ишлаш корхонасига бордик. Бу корхона Хитой ва Тожикистон қўшма лойиҳаси асосида ташкил этилган бўлиб, пахтадан тайёр ип-калава ишлаб чиқаради. 650 маҳаллий аҳоли иш билан таъминланган. Йиллик савдо айланмаси 24 миллион АҚШ долларини ташкил этади.
Юрт соғинчи…
Навбатдаги манзил Хатлон вилоятининг Бохтар шаҳри бўлди. У ерда катта концерт дастури намойиш этилди. Икки давлат дўстлигини тараннум этувчи куй-қўшиқлар янгради. Бохтар шаҳридаги марказий бозорни айландик. Аёллар заргарлик буюмларини томоша қилди, биз эса мебель ва фурнитуралар ҳамда маиший техникалар сотадиган дўконларни айландик. Шу дўконларнинг бирида ўзимизнинг миллий маҳсулотимиз – «Artel» маҳсулотлари сотилаётганига гувоҳ бўлдик. Қайд этилишича, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маиший техника маҳсулотларига талаб юқори.
Бохтар шаҳри Ургут маҳалласида истиқомат қилувчи аҳолининг 80 фоизи ўзбек миллатига мансуб экан. Бизни қўярда-қўймай ош ва бошқа таомлар билан сийлашди. Маҳалла аҳолиси асосан ҳунармандлик билан шуғулланар экан. Сўнг Ато Муҳаммаджонов номидаги Комедия ва мусиқа театри фаолияти билан танишдик. Бу ерда Чингиз Айтматовнинг 90 йиллигига бағишлаб «Қиёмат» спектакли саҳналаштирилаётган экан. Спектаклдан лавҳа намойиш этилди. Ўзаро мулоқотда санъат ва театр вакилларининг ҳамкорликда гастроль сафарларини кўпайтириш ҳақида айтилди.
Сафаримиз давомида тожик халқининг Ўзбекистон билан алоқалар янги босқичда давом этаётганидан мамнунлиги шундоқ сезилиб турди. Айниқса, Президент Имомали Раҳмоннинг Ўзбекистонга кутилаётган давлат ташрифи барча жабҳадаги муносабатларни янада мустаҳкамлашга замин яратишига ишонмоқда.
Панжакент томон йўлга тушар эканмиз, юрт соғинчини ҳис қила бошладик. Шу тариқа Тожикистон бўйлаб сафаримиз якун топди ва биз Самарқанд вилоятига кириб келдик.
Нурилло Насриев, ЎзА

 

Тошкент – Душанбе – Тошкент.