Маърифатпарвар шоир ва мутафаккир, эзгулик ва дўстлик куйчиси Абай Қўнонбоевнинг номи ва бой ижодий мероси нафақат қозоқ халқи, айни пайтда, бутун туркий халқлар, жумладан, ўзбек халқининг ҳам қалбида яшаб келмоқда.

Қорақалпоғистон ва Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Ибройим Юсупов айтганидек “Қорақалпоқлар Абайни ёддан билган халқдир…”.

Абай Қўнонбоевнинг умуминсоний қадриятлар ва меҳр-оқибат туйғулари юксак пардаларда тараннум этилган етук бадиий асарлари, ҳаёти ва ижтимоий фаолияти билан халқларимиз маданияти ривожига муносиб ҳисса қўшган.

Азал-азалдан халқларимиз ён қўшни, дўст-биродар бўлиб, аҳил-иноқ яшаб келмоқда. Ўзаро ишонч, ҳамкорлик ва дўстлик муносабатлари янги босқичга кўтарилаётган бугунги кунда Абай Қўнонбоев сингари алломаларнинг мероси халқларимиз учун янада муҳим маъно касб этади.

Шоир ижодий меросини кенг ўрганиш халқимиз учун туркий қадриятнинг яна бир забардаст ижодкорини кашф этиш имкониятини беради. Президентнинг 2018 йил 13 мартдаги “Буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоев ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш тўғрисида” ги қарори ҳам қардош қозоқ халқига чексиз ҳурмат ва эҳтиром рамзи сифатида шоир ижодини, эзгуликка йўғрилган ғояларини юртимизда янада кенг ўрганиб, тарғиб қилишда муҳим аҳамиятга эга.

– Қозоқ халқининг буюк шоири, қозоқ адабиётида танқидий реализм методининг асосчиси Абайнинг ижоди қозоқ адабиётшунослигида ХIХ асрнинг саксонинчи йилларидан бошлаб тадқиқ қилинган ва ўрганилган, – дейди Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети доценти, филология фанлари номзоди Қайиржан Аралбаев. – Бугунги кунга келиб Абай ижоди тўғрисидаги илмий-тадқиқот ишларининг библиографик кўрсаткичининг ўзи уч жилддан иборат. Қорақалпоғистонда эса Абай асарлари ХХ асрнинг йигирманчи йилларидан бошлаб ўрганила бошланди. Дастлабки мактаб ўқувчилари учун ёзилган дарсликлар ва хрестоматияларда Абай тўғрисида маълумотлар, шоирнинг шеърлари берилиб борилди, унинг ижодини ўрганиш бошланди.

Абайнинг шеърлар тўплами қорақалпоқ тилида уч марта тўплам бўлиб босмадан чиқарилган. Адабиётчи олимлар томонидан унинг ҳаёти, адабиёт тарихидаги ўрни тўғрисида илмий-услубий қўлланмалар нашр этилди. 1985 йилда қорақалпоқ ёзувчиси ва шоири Шаудирбай Сейтов томонидан Абайнинг шеърлари, поэмалари қорақалпоқ тилида китоб бўлиб чоп этилди.

Қорақалпоқ шоир-ёзувчиларининг асарлари ҳам ўз навбатида қозоқчага таржима қилинган. Назмий асарлардан Бердақнинг шеърлар тўплами “Амудария ауендери“ деган ном билан, шунингдек “Қорақалпоқ поэзиясининг антологияси“ қозоқ тилида чоп қилинди. Насрий асарлардан Мирзағалий Дарибаевнинг “Мингларнинг бири“ повести, Тўлепберген Қайипбергеновнинг “Қорақалпоқнама“, “Қорақалпоқ қизи“ романлари ва бошқа асарлар қозоқчага таржима қилиниб, китоб бўлиб чиқди. Албатта, қорақалпоқ, қозоқ тиллари туркий тиллар ичидаги бир-бирига жуда яқин тиллардан саналади. Шу боис икки халқ бир-бирини таржимонсиз тушуна олади.

Бундан келиб чиқиб бу тиллардаги бадиий асарларни таржима қилиш зарурати йўқ экан, деган хулоса чиқариш ноўрин. Хусусан, Абай асарларини қорақалпоқчага таржима қилиш масаласига жиддий қараш лозим. Шоир шеърларининг ҳар бир сатрида теран фалсафий фикрлар, ғоялар, хусусан янги форма, шеър қурилишидаги новаторлик, поэтик изланиш ва маҳорат ниҳоятда кўп. Буларни қорақалпоқ ўқувчисига таъсир кучини йўқотмай етказиш катта масъулиятни талаб этади.

Жорий йилда Қозоғистонда «Ўзбекистон йили»нинг ўтказилаётгани, келгуси йилда юртимизда “Қозоғистон йили“ деб белгиланиши барча соҳаларнинг ривожига, жумладан, адабий алоқаларнинг мустаҳкамланишига ҳам таъсир кўрсатади.

Сўзимиз бошда мамлакатимизда Абай ижодини ўрганиш, уни кенг тарғиб қилиш юзасидан Давлатимиз раҳбарининг алоҳида қарори қабул қилинганини таъкидлаб ўтдик. Қозоғистонда ҳам ўз навбатида Навоийни ўрганиш масаласига улкан эътибор қаратилган.

Алишер Навоий нафақат ўзбек халқининг, балки бутун Шарқ дунёсининг, шунингдек, туркий халқларнинг барчасига дахлдор буюк шахсдир. Навоийнинг исми, ижоди қозоқ халқига азалдан таниш ва яқин. Хусусан, буюк гуманист шоир исми, ижоди Қозоғистоннинг жанубий вилоя
тларида кенг тарқалган. Абай, унинг укаси ва шогирди Шакарим Навоийни ўзига устоз тутган. Ҳазратни улуғ инсон сифатида ҳурмат қилган. Абайнинг “Ескендир“ поэмаси, Шакаримнинг “Лайли-Мажнун“ достони Навоийнинг ушбу мавзудаги асарларидан илҳомланиш натижасида ёзилган.

1949 йилда Олмаотада Алишер Навоийнинг “Танланган“ асарлари қозоқ тилида чоп қилинган. Бу тўпламга қозоқ ёзувчи Мухтар Авезов кириш сўз ёзган. Номдор шоирлар – Д. Абилев, А.Тажибаев, Ғ.Ўрмонов ва бошқалар Буюк Навоий шеърларини қозоқчага таржима қилишга ҳисса қўшди. Қозоқ шоири Несипбек Айитовнинг таржимаси билан Ҳазрати Навоийнинг машҳур Хамсасининг “Садди Искандарий“ номли китоби “Ескендир қорғаны“ ном билан алоҳида китоб бўлиб чиқди.

Буюк ижодкорлар дунёсини ўрганишга интилиш – яхши. Уларнинг меросини кенг тарғиб қилиш эса бугунги глобаллашув даврида айни муҳим тадбирлардан саналади.

 

Есимхон Қаноатов, ЎзА