Коррупцияга қарши курашиш агентлигида Transparancy International ташкилотининг Миллий ҳалоллик тизими (National integrity system (NIS)) лойиҳаси тақдимоти ва муҳокамасига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Таъкидланганидек, Миллий ҳалоллик тизими (МҲТ) услубиёти Transparancy International томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, у давлат институтларининг коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича самарадорлиги ҳамда ишончлилигини баҳолашга қаратилган.

МҲТ давлатдаги коррупцияга қарши курашишга масъул бошқарув институтлари, шунингдек, мазкур йўналишда муҳим аҳамиятга эга бўлган бир нечта секторлар фаолиятини ўз ичига қамраб олади ҳамда коррупциянинг олдини олишга комплекс ёндашувни назарда тутади. МҲТ баҳолаш нафақат ҳар бир муассаса ёки секторни чуқур таҳлил қилади, балки улар ўртасидаги боғлиқликларни ҳам баҳолайди.

Transparancy International 1990 йилдан буён ушбу услубиётни 100 дан ортиқ мамлакатда жорий этган.

Тадбирда Ўзбекистонда татбиқ қилиш учун мослаштирилган МҲТ бўйича умумий услубиёт тақдимот қилинди. Бу Европа Иттифоқи ва Германия Федерал иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт вазирлиги молиявий кўмагида амалга оширилаётган “Ўзбекистонда давлат бошқарувини такомиллаштириш: коррупциянинг олдини олишда инклюзив ёндашув” лойиҳасининг 2024 йилга мўлжалланган Чора-тадбирлари доирасида Transparancy International ташкилоти томонидан ишлаб чиқилган.

МҲТ татбиқ этилишига БМТ Тараққиёт дастури экспертлари ҳам жалб этилган.

Бугунги кунда услубиёт 15 устувор йўналишни ўз ичига олиб, хусусан, давлат ҳокимияти институтлари (қонун чиқарувчи, ижро этувчи, суд ҳокимияти, сайловни тизими), ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар қилувчи органлар ва бошқа институтлар (Бош прокуратура, ИИВ, ДХХ, Омбудсман, коррупцияга қарши курашувчи органлар), бошқарув майдонида фаол бўлган асосий ижтимоий кучлар (сиёсий партиялар, оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти ва бизнес вакиллари), иқтисодиётда давлат иштироки мавжуд корхоналарда иш олиб бориш кўзда тутилган.

Қайд этилишича, Ўзбекистондаги МҲТнинг жорий баҳоланишида 2022-2024 йиллар қамраб олинади. Бу жараён 2025 йилдан бошланади. Якуний ҳисобот эса 150 дан ортиқ кўрсаткични ўз ичига олган ҳолда миллий ҳалоллик ва яхлитликни таъминлаш тизими ҳақида тўлиқ тасаввур беради.

Тадбирда Ўзбекистон шароитида татбиқ қилиш учун мослаштирилган МҲТ бўйича умумий янгиликлар, қўшимча ва ўзгартиришлар кўриб чиқилиб, уларни такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Transparancy International ташкилотининг латвиялик экспертлари иштирокида давлат органлари ва ташкилотлари вакиллари учун семинар ҳам ташкил этилди. Унда Коррупцияни қабул қилиш индексидаги асосий индикаторлар, баҳолаш мезонлари бўйича батафсил маълумот берилди.

Н.Абдураимова,

Рустам Назарматов (сурат),ЎзА