Дунё оммавий ахборот воситалари истеъфога чиққан Сурия Президенти Башар Асад оиласи билан Москвага етиб келгани ҳақида ёзмоқда. Маълум бўлишича, Россия Федерацияси уни инсонпарварлик нуқтаи назаридан мамлакатга киритишга рози бўлиб, бошпана бериш сўровини қабул қилган.
«РИА Новости»га бу маълумотни Кремлдаги манба тасдиқлади. Шунингдек, мулозим Россия ҳар доим Сурия муаммосини сиёсий йўл билан ҳал қилиш тарафдори бўлгани, ҳозир ҳам БМТ шафелигидаги музокараларни қайта жонлантириш зарур, деб ҳисоблашини таъкидлаган.
Аввал хабар қилинганидек, айни пайт РФ расмийлари Суриядаги қуролли мухолифат вакиллари билан алоқани ушлаб турибди. Исёнчилар еткчилари, ўз навбатида, Рфнинг ушбу араб давлати ҳудудидаги ҳарбий базалари ва дипломатик ваколатхоналари хафсизлиги таъминланишига сўз берган.
2011 йил бошланган фуқаролар уруши туфайли ҳануз барқарорликни тиклай олмаётган, асосан оддий халқ жабрланаётган мазкур мамлакатдаги зиддиятда Россия шу пайтгача Президент Башар Асад томонида эди. Энди эса РФ Сурия халқи манфаатидан келиб чиқиб, ўзаро сиёсий мулоқотни давом эттириш, муносабатларни ривожлантириш истагида эканини маълум қилди.
Кеча эрталаб қуролланган мухолифат вакиллари пойтахтга кириб келиб, бутун мамлакат бўйлаб назорат ўрнатилганини эълон қилган. Бош вазир Муҳаммад Ғози Ал-Жалолий бир неча вазир билан бирга Дамашқда қолган ва мухолифлар билан алоқага киришган.