Хитой мисолида…
Гонконгда чиқадиган “South China Morning Post” газетаси ёзишича, Хитой спорти тарихида илк бор жуда нохуш, кўнгилсиз воқеа юз берибди. Шу маълумотни ўқиш асносида бехос хаёлимни бир мулоҳаза чулғаб олди: Яхши кўрган касбингдан ўзинг истамаган ҳолда кетишга мажбур бўлсанг, бу – мусибатдир. Зеро, чин дилдан, алоҳида ихлос қўйиб, бутун борлиғини бағишлаган машғулотидан айрилиш киши учун жуда оғир жазо. Бинобарин, масаланинг одилона томони ҳам бор. Коррупцияни йўқ қиламиз, жамиятни поклаймиз, софдилликни тиклаймиз, ҳақиқат ўрнатамиз, тўғри йўлдан юрамиз, халқ олдида ҳам, Ҳақ олдида ҳам ўзимизни тўғри тутамиз, деб муқаддас битиклар олдида қасамёд қилган давлат мулозимлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари нима қилиши керак? Гап битта. Қонунни буздингми, жазо чорасига, қанчалик оғир бўлмасин, бўйсиниб, тақдирга тан беришга мажбурсан. Айбдорни қидиришнинг ҳожати йўқ. Айб ўзингда. Эҳтимоли, адашганларга нисбатан қўлланган чора, белгиланган жазога қўшилган ҳолда, жиноятдан, айниқса қозининг шафқатсиз ҳукмидан хабар топганларнинг ҳам қалби, виждони қийналар. “Эҳ аттанг, яхши бўлмабди-да!” дея афсус чекишар…
Хуллас, энди ўша нохуш ахборотга қайтамиз, эътибор беринг:
– Хитой Жамоат хавфсизлиги вазирлиги спорт соҳасидаги коррупция ва ноқонуний қимор ўйинларига қарши олиб борилган 2 йиллик текширувни якунлади. Мамлакат футбол ассоциацияси келишилган (дарвоқе, бундай ҳолатда ҳар икки томон жиноятга қўл урган бўлади) ўйинларда иштирок этган 43 ўйинчини умрбод спортдан четлатди. Тергов натижасида 128 киши, жумладан футболчилар умрбод дисквалификация қилинди. Айбдорлар рўйхатидан Корея терма жамоаси аъзоси, миллионлаб ишқибозлар меҳрини қозонган “эркатой” Сон Жун Хо, ХХР миллий жамоаси собиқ футболчиси Цзин Цзиндаонинг шахсан ўзи ҳам бор. Рости, бу воқеага муносабат билдириш учун футбол шинавандалари ишончи йўқолишига қиёс бўладиган бирор ибора тополмадим. Билмадим, энди улар аввалги обрўсини тиклай оладими, йўқ?!
Бу хабарни ўқиб, хаёлимда яна бир фикр пайдо бўлди: кўпчилик Хитой нафақат қурилиш, техника, технология, космосни ўзлаштириш, айни бир пайт маданият, маънавият ва спортда, поклик ва софликда ҳам ўрнак, намуна эканини эътироф этади.
Кутилмаганда ушбу мамлакатнинг “Xinhua Finance” расмий нашри дунё молия тизимидаги энг йирик банклардан бири – “Bank of China” бошқаруви собиқ раиси, партия қўмитаси котиби Лю Ляньгэ пора олганликда айбланиб, ўлим жазосига ҳукм қилингани ҳақида хабар қилди. Айбдорнинг мол-мулки мусодара қилиниб, ўзи ҳар қандай фуқаролик ҳақ-ҳуқуқидан маҳрум этилган.
Қайд этиш жоиз, суд ҳукми икки йилдан кейин ижро этилиши белгиланган. Агар шу даврда Лю яна жиноятга қўл урмаса, ўлим жазоси бир умрлик қамоқ жазоси билан алмаштирилади.
2023 йил октябрда ҳибсга олинган Ляньгэ пора эвазига қонунга хилоф равишда йирик миқдорда кредит беришда ҳам айбланган. Коррупция бўйича текширув натижасида маълум бўлишича, у 121 миллион юань (тахминан 17 миллион доллар) пул учун 3,3 миллиард юань ноқонуний кредит ажратилишида ёрдам кўрсатган.
Хитой Коммунистик партияси ахборотига қараганда, коррупцияга қарши шу йил бошидан ўтказилган кенг кўламли амалиётда ҳуқуқ-тартибот идоралари жами 589 минг кишини жавобгарликка тортган. Собиқ губернатор ва Цяньнань префектураси Гуйжоу провинцияси партия қўмитаси котиби муовини Чжон Янга нисбатан сентябрь ойида 1 миллион юань (141 минг доллар) жарима ва 13 йиллик қамоқ ҳукми эълон қилинган. Пекин мэри Гао Пэн хоним ўзи раҳбарлик қилган идора ходимларидан 60 миллион юань пора олгани аниқланган. Ноябрь ойида Олий халқ прокуратураси уни жами 8,5 милиллион доллар пора олганликда айблаб, озодликдан маҳрум этди.
И.Абдухолиқов. ЎзА