Таиланднинг Чиангмай шаҳрида бокс бўйича катталар ўртасидаги Осиё чемпионатининг олтинчи кунги беллашувларида беш нафар чарм қўлқоп устамиз ярим финал йўлланмаси учун жанг қилди.

Дастлаб, мусобақанинг 57 килограммгача вазн тоифасида Миразизбек Мирзахалилов рингга чиқди ва Тожикистон вакили Хусравхон Раҳимовни таслим қилди. Натижада, боксчимиз филиппинлик Кларк Баутиста билан ярим финалда жанг қиладиган бўлди.

-80 кг. вазнли боксчимиз Тўрабек Ҳабибуллаев эса чорак финалда афғонистонлик Аҳмад Самир Давраҳини енгиб, ярим финалда Қозоғистон вакили Ерасил Жекпековга қарши баҳс олиб бориш ҳуқуқини қўлга киритди. Ҳар иккала жанг ҳам 8 декабрь куни бўлиб ўтади.

Аёллар ўртасида -52 кг. вазн тоифасидаги беллашувларда Феруза Казакова 1/4 финал босқичида мўғулистонлик Мунгунсара Балсанни енгди. Энди у 7 декабрь куни ярим финалда қозоғистонлик Жазира Ўракбаевага қарши рингга кўтарилади.

Вазни -57 кг. бўлган Нигина Ўктамова эса ярим финал йўлланмаси учун ўтган баҳсда тожикистонлик Мижгона Самадова устидан зафар қучди. Унинг рақиби бироздан сўнг аниқланади.

Афсуски, вазни -60 кг. бўлган яна бир боксчимиз Ситора Турдибекова чорак финал босқичида хитойлик Кианге Лига имкониятни бой бериб қўйди.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА