Алимент тўламаганлик учун жавобгарлик кучайтирилди

Фуқаролардан алимент тўғрисидаги қонунчиликдаги сўнгги ўзгаришлар бўйича кўплаб саволлар келиб тушмоқда. Бу янгиликларнинг қисқа мазмун-моҳияти, уларнинг қачон кучга кирганлиги ҳақидаги савол билан Адлия вазирлиги Қонунчилик бош бошқармаси бошлиғи Худоёр Мелиевга мурожаат қилдик: 
– Жорий йил 9 январдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” қонун билан алимент соҳасидаги қонунчиликка ўзгартиришлар киритилган эди.
Мазкур ўзгартиришлар жорий йил 10 июлдан кучга кирди. Ушбу ўзгартиришларга кўра, эндиликда:
алимент тўламаслик 15 сутка маъмурий қамоққа олинишига сабаб бўлади;
алимент тўлашга мажбур шахслар икки ой (илгари уч ой) мобайнида алимент тўлашдан бўйин товласа, жиноий жавобгарликка тортилади (3 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши ҳам мумкин);
ҳар бир бола учун энг кам алимент миқдори энг кам иш ҳақи миқдорининг 75 фоиздан (илгари учдан бир қисм) кам бўлмаган миқдорда (138 225 сўм) белгиланади;
алиментни бола вояга етгунга қадар кўчар ва кўчмас мол-мулк ёки бошқа қимматли нарсалар бериш орқали бир йўла олдиндан тўлаш мумкин;
алимент олдиндан тўланган ёки гаров шартномаси тузиш ҳолатларида, ушбу шахсга республикадан чиқишга қўйилган тақиқ олиб ташланади. Бунда гаров қиймати қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам иш ҳақининг икки юз эллик бараваридан кам (46 млн 75 минг сўм) бўлмаслиги лозим.
Бундан ташқари, шуни айтиш керакки, агар шахс алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни тўлиқ тўлаган бўлса, у жавобгарликдан озод қилинади.
Алиментларни олдиндан тўлаш, шунингдек алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасини тузиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

 

Норгул Абдураимова, ЎзА