Ватандошимиз Азизи Раҳмон Ўзбекистон иқтисодига ҳисса қўшишни ният қилди

У Навбаҳор туманида узумчилик ва чорвачиликни йўлга қўйиш ҳаракатида.

Мамлакатимизнинг қулай географик жойлашуви, бетакрор табиати, бой табиий ресурслари ҳудудларнинг барқарор ривожланишида муҳим аҳамият касб этади. Шу боис юртимиз хорижий ишбилармон ва сармоядорлар, сайёҳлар эътиборини тортмоқда.

Юз йиллар муқаддам аждодлари Бухоро вилояти Fиждувон тумани ҳудудида истиқомат қилган ва тақдир тақозоси билан чет элга кўчиб кетган юртдошимиз Азизи Раҳмон ота-боболари бу мафтункор ўлка ҳақида кўп бор тўлқинланиб гапирганини яхши эслайди. Шу боис у ҳам Ўзбекистонга, унинг тобора юксалаётган иқтисодига ҳисса қўшишни ният қилди. Тадбиркор қатор туман ва шаҳарларда бўлиб, ҳудудлардаги шароит ва имкониятлар билан танишди. Навбаҳор туманида ўз бизнесини йўлга қўйишга қарор қилди.

– Мени вилоят ва Навбаҳор тумани раҳбарлари илиқ кутиб олишди, – дейди Бирлашган Араб Амирликларидан келган тадбиркор Азизи Раҳмон. – Маҳаллий ҳокимлик режаларим билан танишгач, туман ҳудудидан 70 гектардан ортиқ ер майдони ажратди. Бу ерда “Фарид Азизи” масъулияти чекланган жамияти ташкил этдик. Энди узумчилик ва чорвачиликни йўлга қўйиш ҳаракатидамиз. Яқин келажакда тўқимачилик фабрикаси қуриб, турли матолар ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчиман. Ҳозирда ҳамкорликда ишлаш истагини билдирган ишбилармонлар таклифини муҳокама қилаяпмиз. Ўзбекистон табиати йилнинг исталган фаслида ердан ҳосил олиш имконини беради. Шуни инобатга олиб, қишлоқ хўжалиги экинлари экиш билан ҳам шуғулланиш ниятим бор. Бундан ташқари, нўхат, ловия каби дуккакли маҳсулотлар экспортини ҳам йўлга қўямиз. Бу заминда етиштирилган маҳсулотлар мазаси, витаминларга бойлиги билан ажралиб туриши ва бутун дунёда юксак баҳоланишидан хабарим бор.

Бирлашган Араб Амирликларининг “Mohammed al Otaiba Group” компанияси билан тумандаги “Чорва тоғлари” фермер хўжалиги ҳамда “Миразиз Акобир” оилавий корхонаси ўртасида тузилган меморандумга асосан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва қайта ишлаш йўлга қўйилади. Хусусан, мазкур келишувга асосан фаолият бошлаган “Фарид Азизи” МЧЖ томонидан боғдорчилик ташкил этиш ҳамда мевани қайта ишлаш бўйича технологиялар келтириб ўрнатиш режалаштирилган. Бунинг натижасида 10 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилади.

 

Нуриддин Раҳимов, ЎзА