Мажбурий ижро бюроси Нукус шаҳар бўлими иш юритувига келиб тушган ижро ҳужжатига асосан ундирувчи А.У. фойдасига тарбиясидаги икки нафар фарзанди таъминоти учун қарздор С.А.дан алимент ундириш белгиланган.
Ушбу ҳужжат ижросини таъминлаш мақсадида қарздорнинг яшаш манзилига борилганида, унинг ушбу манзилда йўқлиги, яқин қариндошининг кўрсатмасига кўра у ижро ҳаракатлари бошланмасидан олдин, яъни 2023 йили 22 февралда Россия федерациясига кетганлиги аниқланган. Шу сабабли, унга нисбатан Мажбурий ижро бюроси Нукус шаҳар бўлими давлат ижрочиси томонидан қидирув эълон қилинган.
Бюронинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси қидирув шўъбаси томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирларида қарздор С.А. Ўзбекистон чегарасига кирганлиги аниқланиб, жорий йилнинг 25 ноябрь куни Нукус шаҳрида қўлга олинди. Унга алимент тўловларидан юзага келган қарздорликни бартараф этмаса маъмурий жазо чораси қўлланилиши тушунтирилди.
Натижада қарздор С.А. ҳозирги кунда алимент тўловларидан юзага келган 17 миллион сўмдан ортиқ қарздорликни шу куннинг ўзида тўлаб берди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири