Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон бўлимида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги фотомухбири Алмурод Мамадаминовнинг Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 33 йиллигига бағишланган “Биз бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” шиори остида “СПОРТ! ва яна СПОРТ ҳақида!” деб номланган IV шахсий фотокўргазмаси бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Х.Салимов, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Фотоахборот таҳририяти бош муҳаррири Ш.Тоҳиров ва бошқалар сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга қаратилаётган эътиборга, шу билан бирга мазкур кўргазманинг аҳамиятига тўхталди.

Алмурод Мамадаминов (Муҳаммад АМИН) 1958 йили 15 сентябрда Сурхондарё вилоятида туғилган. Маълумоти олий. Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)ни тамомлаган.

У меҳнат фаолиятини 1983 йили Тошкент давлат университетининг “Тошкент университети” газетасида техник редактор сифатида бошлаган. Шундан сўнг, ҳозирги “Ёшлар овози” газетасида мухбир, катта мухбир, масъул котиб ўринбосари, бўлим мудири, “Ўзбекистон овози” газетасида фотомухбир лавозимларида ишлади. 1996 йилдан ҳозирги кунга қадар Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида фотомухбир лавозимида фаолият юритмоқда.

А.Мамадаминов фотомухбир сифатида мамлакатимизда ва хорижда ўтказиладиган турли нуфузли анжуманлар, фестиваллар, спорт мусобақалари, кўргазмалардан фоторепортажлар, фотолавҳалар тайёрлаб, республикамиз оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишида муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган забардаст ижодкорлардан.

У фаолияти давомида юзлаб шогирдлар тайёрлади. Ҳозирда улар республика оммавий ахборот воситаларида фотомухбир сифатида ёрқин фаолият олиб бормоқдалар. Унинг фотоларининг бош мавзуси – халқимизнинг бой тарихи, маданияти, миллий қадриятлари, одамларнинг мард-тантилиги, меҳмондўстлиги, меҳнатсеварлиги, ўз эзгу мақсади йўлида тинмай ҳаракат қилиши, юксак натижаларга эришган ёшларимизнинг ғалаба нашидаси, қувончи, халқимизнинг олижаноб фазилатлари, замонамиз қаҳрамонларининг ўтмиши, бугуни, турмуши, ҳис-туйғулари, орзу-интилишларидир.

Ижодкорнинг ижод намуналари республика миқёсида, ҳукумат доирасидаги нашрларда, фотоальбомларда, мустақиллигимиз, тинчлик-осойишталигимиз, халқимизнинг бахтиёр ва фаровон ҳаёти, бунёдкорлик ва яратувчанлик салоҳияти, ёшларимизнинг шижоатини акс эттирувчи плакатлардан кенг жой олган. У 2018 йили спорт мавзусидаги “Тезроқ, баландроқ, кучлироқ” номли шахсий фотокўргазмасини кенг оммага тавсия этди. 2019 йили Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан “Спорт аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди. 2021 йили Туризм ва спорт вазирлигининг “Энг фаол спорт фотомухбири” номинациясида ғолиб бўлди.

У фаолияти давомида Лондон ва Токиода ўтказилган ёзги олимпия ўйинларида давлатимиз делегацияси таркибида иштирок этиб, спортчиларимизнинг ғалабали онларини онлайн тарзда ёрита олди. Шунингдек, Туркияда ўтказилган “Ислом бирдамлик ўйинларида”, Ханчжау(Хитой)да бўлиб ўтган Осиё ўйинларида фотомухбир сифатида қатнашиб, спортчиларимизнинг ғалабали онларни фотообъективига муҳрлади.

2022 йили Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан эълон қилинган Президент фармонига асосан, “Содиқ хизматлари учун” медали, Нуроний жамғармаси томонидан “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА