Тошкентда Шарқий Европа ва Марказий Осиё минтақасида репродуктив саломатликни тарғиб этиш ва бу йўналишдаги сифатли тиббий-гигиеник воситаларни давлат харидида қўллаш бўйича салоҳиятни оширишга бағишланган семинар ташкил этилди.

Тадбирда мамлакатимиз аҳолиси, айниқса оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом оила, соғлом муҳитни шакллантириш, фуқаролар ўртасида тиббий саводхонликни ошириш доимий эътиборда экани қайд этилди. Бу борада халқаро ташкилотларнинг ҳам муносиб ўрин бор, албатта. Жумладан, БМТ аҳолишунослик жамғармаси – ЮНФПА кўмагида аёллар саломатлигини асраш мақсадида тиббий ва репродуктив саломатлик бўйича хотин-қизлар ўртасида тарғибот ишлари фаол олиб борилмоқда.

ЮНФПА Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Оилани режалаштириш дастури доирасидаги асосий ҳамкорларидан бири ҳисобланади. Жамғарма Шарқий Европа ва Марказий Осиёга гигиеник воситалар етказиб берувчи асосий манбалардан биридир. Айни пайтгача қўшма дастур доирасида 4 миллион доллар қийматга эга 6,5 миллиондан ортиқ ҳомиладорликдан сақловчи гигиеник восита харид қилинган.

Қайд этилганидек, оилани режалаштириш нафақат она ва бола ўлимини камайтиради, эрта ва ёш ҳомиладорликнинг олдини олади, балки аёлларнинг иқтисодиётдаги ўрни ва имкониятини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этади.

– Мақсадимиз – ҳар бир шахсни репродуктив соғлиқ соҳасида сифатли хизматдан фойдаланишини таъминлаш ва онгли қарор қабул қилиш учун шароит яратиш, – дейди ЮНФПАнинг мамлакатимиздаги доимий вакили доктор Нигина Абасзаде. – Оилани режалаштириш дастурларига сарфланган ҳар бир доллар 2030 йилга келиб мамлакат иқтисодиётига 8,4 доллар қайтарилишини таъминлайди. Яъни, онгли равишда оилани режалаштириш орқали 1 миллион аёлнинг ўлими, 6 миллион ҳомиланинг ўлим ҳолати ва 4 миллион янги туғилган чақалоқнинг ўлим ҳолати олди олиниши мумкин.

Семинарда ЮНФПА ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўртасидаги ҳамкорлик доирасидаги янги дастурлар, ташаббуслар ҳақида маълумот берилди. Аҳоли турмуш сифатини яхшилаш ва мамлакатда репродуктив соғлиқни мустаҳкамлашга йўналтириладиган қўшма лойиҳаларга алоҳида тўхталиб ўтилди.

Гўзал Сатторова, Рустам Назарматов (сурат), ЎзА