Давлат харидлари: у қандай амалга оширилади

Давлат ташкилотлари учун керакли ҳар бир буюм, у катта ёки кичик бўлсин, биржа орқали олинаётгани ҳақидаги сўзлар қулоғимизга тез-тез чалинмоқда. Кимдир буни маъқулласа, яна биров тескарисини айтади. Аслида нима ўзгарди, аҳвол мураккаблашдими ёки аксинча…
Ўзбекистон Республикаси товар-хомашё биржасининг электрон савдо ва тижоратни ташкиллаштириш бўлими мутахассиси Фаррух Шоназаров қуйидагиларни сўзлаб берди.
– Электрон давлат харидлари механизми жорий этилиши бюджет ташкилотларининг эҳтиёжлари учун товар ва хизматларни харид қилиш жараёнининг очиқлигини таъминлаш имкониятини яратмоқда. Бунда харид қилинаётган товар ва хизматларнинг нархлари етказиб берувчилар ўртасидаги соф рақобат шароитида шаклланмоқда. Харидлар жараёнининг очиқ-ойдинлиги ҳамда етказиб берувчиларнинг аксарият қисмини кичик бизнес субъектлари ташкил этаётгани маҳсулотлар таннархини пасайтириш, нархларни манипуляция қилишнинг олдини олиш ҳамда улар устидан олиб бориладиган давлат ва жамоат назорати самарадорлигини оширишга кўмаклашмоқда.
Биржанинг xarid.uz ахборот портали орқали давлат ташкилотлари ва корпоратив ташкилотлар хизматлари ва эълонларини жойлаштиради. Улар хариднинг бошланғич нархининг 3 фоиз миқдорида гаров таъминоти ва комиссион йиғимларни қоплаш учун шартнома нархининг 0,15 фоиз миқдоридаги маблағни гаров сифатида киритади.
Бу ортиқча қоғозбозликнинг олдини олади. Энг муҳими, эса хизматлар кафолатланган. Мисол учун, сиз қалам, ручка, дафтар харид қилмоқчисиз. Бунинг учун аввалгидек, бозордан-бозорга юриб, вақт сарфламайсиз. Балки, ўтирган жойингизда, электрон дўконга қўйилган маҳсулотлар орасидан ўзингизга ёққан ва керакли нархдаги маҳсулотни танлаб, пулини ўтказиб берасиз. Бунда етказиб берувчи ўз маҳсулотини параметрлари, ранги, маркасини аниқ кўрсатган бўлади ва айтган жойингизга етказиб беради. Бунинг ҳеч қандай мураккаб жойи йўқ, менимча.
Электрон дўкон нима ва у қандай ишлайди дейдиган бўлсак, унга етказиб берувчилар ўз маҳсулотларини жойлаштиради. Буюртмачилар эса ойлик энг кам иш ҳақининг 25 баробаригача бўлган товар ва 25 миллион сўмгача бўлган иш хизматларини ана шу дўкон орқали харид қилишлари белгиланган. Бу дўконда сифат ва нарх назорат қилинмайди. Унда барчаси эркин амалга оширилади.
Товар етказиб берилмаган ёки нотўғри етказилган ҳолатларда шартнома бўйича пул маблағи буюртмачининг ҳисоб варағига қайтарилади. Ижрочининг гаров таъминоти маблағи буюртмачининг ҳисоб варағига ўтказилади ёки Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссиянинг қарори билан блокдан чиқарилади.

 

ЎзА