Туркман элига сафар

Туркманистон Маданият вазирлигининг таклифига кўра, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири ўринбосари К.Акилова бошчилигидаги делегация Туркманистоннинг тарихий ва маданий бойликлари билан танишиш, ўзаро тажриба алмашиш ҳамда мамлакатларимиз ўртасидаги икки томонлама маданий алоқаларни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш мақсадида ушбу давлатга ташриф буюрди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар қилди.
Делегация аъзолари тўрт кунлик ташрифи давомида Туркманистоннинг Лебап, Мари, Ахал, Тошовуз вилоятларида ҳамда мамлакат пойтахти Ашхобод шаҳрида бўлиб, маданият ва маърифат соҳаси ходимлари билан ўзаро учрашувлар ўтказди. Музейлар, кутубхоналар, театрлар фаолияти билан танишди. Турли даврларда қурилган Султон Санжар, Шайх Нажмиддин Кубро мақбаралари, Султон Али, Тўрабекхоним тарихий-меъморий обидалари, Дояхотин карвонсаройи, Кўҳна Урганч харобаларини бориб кўрди. Деҳистон, Амул, Дандонакан, Нусай каби қадимий ҳудудларда олиб борилаётган археологик қазишма ишларини бориб кўрди.
photo5424944458702629286.jpg
Туркманистон тасвирий санъат музейи, давлат миллий маданият маркази, бош драма театри, давлат бош кутубхонаси ижодий жамоалари билан қизиқарли учрашувлар ташкил этилди.
Самимий ва дўстона руҳда ўтган ушбу учрашувлар чоғида кутубхоналар билан тарихий-илмий, бадиий адабиётларни алмашиш, маданият ва санъат соҳасида Ўзбекистон олий ўқув юртларига талабалар қабул қилиш, театрлар жамоаларининг ижодий сафарларини ташкил этиш бўйича ўзаро келишувларга эришилди.

 

ЎзА