Хабарингиз бор, пойтахтимизда 2025 йили ёшлар Осиё ва Параосиё ўйинлари бўлиб ўтади.
Айни кунларда мазкур йирик спорт анжуманини юқори савияда ўтказиш борасида бир қатор ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, “Тошкент-2025” ўйинлари бўлиб ўтадиган Олимпия шаҳарчасида қурилиш ишлари бир неча ойдан кейин якунланади. Унда барпо этилаётган иншоотлардан самарали фойдаланиш кун тартибидаги асосий масалалардан бирига айланиб бормоқда.
Шу муносабат билан Ўзбекистон спорт вазирининг ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, Миллий олимпия қўмитаси бош котиби, “Тошкент-2025” дирекцияси директори Ойбек Қосимов ва бир қатор масъул ходимлар иштирокида дирекция фаолияти муҳокама қилинди.
Қайд этиш жоиз, бинолар фойдаланишга топширилгач, кўплаб спорт федерациялари ва ассоциациялар ушбу комплексга кўчиб ўтади. МОҚ матбуот хизмати хабарига кўра, суҳбат давомида федерацияларнинг жойлашуви батафсил кўриб чиқилди. Мутасаддилар бу борада мавзунинг долзарблиги хусусида тўхталиб, жойлашув тўғри тартибда амалга оширилган бўлиши лозимлиги ҳақида ўз фикрларини билдирди.
Шунингдек, дирекцияга ўз фаолиятини янада такомиллаштириш борасида таклифлар билан бир қаторда соҳада улкан тажрибага эга бўлган мутахассисларни жалб қилиш, халқаро ташкилотлар ва қитъамиздаги Миллий олимпия қўмиталари билан алоқаларни йўлга қўйиш бўйича ҳам топшириқлар берилди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА