Қозоғистоннинг Темиртау шаҳрида дзюдо бўйича ўсмирлар ўртасида ўтказилган халқаро турнирда Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 22 та медаль билан умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади.
Марказий Осиёнинг барча давлатлари ҳамда Россия Федерациясининг 800 нафарга яқин дзюдочиси иштирок этган беллашувларда Тоҳир Файзиев мураббийлигидаги Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси ватанимиз шарафини ҳимоя қилди.
Муросасиз беллашувларга бой ўтган турнирда ҳамюртларимиз 11 та олтин, 7 та кумуш, 4 та бронза жами 22 та медаль билан умумжамоада 1-ўринни қўлга киритди. Қозоғистонлик дзюдочилар 2-ўринни банд этишди.
Маҳоратли ёш дзюдочиларимиздан Алина Колючева, Маҳфира Рўзибоева, Зуҳра Алимова, Дурдона Турсунова, Интизор Узоқбоева, Умида Ниғматова, Хушнуд Бурхонов, Санжар Ашуров, Самандар Суннатов, Ином Баҳодиров, Мусурмон Аҳроров Қозоғистонда олтин медалга эга чиққан ҳолда ғолиблик шоҳсупасига кўтарилгани ўзбек спортининг янги “олтин авлоди” камолга етаётганидан далолат, дейиш мумкин.
Т.Рўзиев, ЎзА