Ўтган беш йил давомида Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Халқ дипломатияси маркази томонидан тузилмага аъзо давлатлар билан маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик фаол давом эттирилиб, турли мамлакатларнинг халқ дипломатияси соҳасидаги ютуқлари ва тажрибаси ўрганиб келинмоқда.
Таъкидлаш жоиз, халқ дипломатияси воситаларидан самарали фойдаланиш орқали ШҲТ доирасида ўзаро ишонч, яқин шериклик руҳини мустаҳкамлаш, цивилизациялараро мулоқотни ривожлантиришга кўмаклашиш, маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш, халқларимизнинг бой тарихи, маданий мероси, анъаналарини асраб-авайлаш учун зарур шароит яратиш марказнинг устувор вазифалари этиб белгиланган.
Мазкур самарали фаолият доирасида Мувофиқлаштирувчи кенгаш томонидан 2022 йил “Халқ дипломати” кўкрак нишони таъсис этилган. Ҳозиргача юртимиз ва бошқа аъзо давлатларда халқ дипломатияси ривожига муносиб ҳисса қўшган 150 га яқин фуқаролик жамияти, нодавлат-нотижорат ташкилотлар вакиллари, таниқли фан, таълим, спорт, санъат ва маданият арбоблари, миллий-маданий марказлар ходимлари ушбу мукофот билан тақдирланган.
Дўстона муҳитни янада яхшилаш, турли соҳаларда ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш мақсадида Тошкентда “Ўзбекистон халқ дипломатияси: тарих, бугун ва келажак” мавзусида I Халқаро халқ дипломатлари конгресси ўтказилди.
Тадбирда Беларусь, Бирлашган Араб Амирликлари, Покистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Россия, Тожикистон, Туркия, Хиндистон, Хитой, Эрон каби мамлакатлардан ҳамкор ташкилотлар вакиллари, Олий Мажлис депутатлари, вазирлик, идоралар, Тошкентдаги дипломатик корпус ва миллий маданий марказлар фаоллари иштирок этди.
Анжуманда сўнгги йилларда амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқлар сарҳисоб қилиниб, келгуси ҳамкорлик йўналишлари, истиқболдаги вазифалар кўриб чиқилди.
Конгрессда Марказ директори Қобилжон Собиров, Ҳиндистондаги Рабиндранат Тагор халқаро мактаби Ҳинд тили департаменти мудири Сония Бхатия, Эрон Ислом Республикасининг мамлакатимиздаги элчихонаси Маданият ишлари бўйича маслаҳатчиси Амир Саид Каромий, Қозоғистон фуқаролик альянси президенти, Халқ дипломатияси маркази корпоратив жамғармаси раиси Бону Нурғазиева, Хитой Халқ Республикаси элчихонаси маслаҳатчиси Чи Жуньлинь, Покистон тинчлик ва дипломатик тадқиқотлар институти ижрочи директори Муҳаммад Асиф Нур, Евроосиё ва Африка халқлари ассамблеяси Бош кенгаши раиси, РФ Президенти ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар бўйича кенгаш аъзоси Светлана Смирнова, Россиядаги ШҲТ Халқ дипломатияси миллий маркази директори Станислав Королёв, Бирлашган Араб Амирликлари Халқаро маданий дипломатия институти асосчиси ва бошқаруви раиси Доктор Муҳаммад Комил Ал-Муаиний, Ўзбекистон хотин-қизлари “Олима” уюшмаси раиси, тарих фанлари доктори, профессор Раҳбархон Муртазаева ва бошқалар сўзга чиқди.
Иштирокчилар Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Бош котибиятининг онлайн-видеомурожаатини ҳам тинглашди.
Таъкидландики, Ўзбекистон халқаро муносабатларнинг тенг ҳуқуқли субъекти сифатида минтақа ва глобал даражада фаол ташқи сиёсатни йўлга қўйиб, хорижий ҳамкорлар билан ўзаро манфаатли алоқаларни тобора ривожлантирмоқда. Бундай изчил, аниқ ва самарали ташқи сиёсатни халқаро экспертлар, кузатувчилар ҳам эътироф этмоқда. Юртимизда, жумладан, ШҲТ давлатлари билан кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва ўзаро ишонч руҳидаги алоқаларни мустаҳкамлаш бориш ҳам доимий эътиборда.
Бу жараёнда “халқ дипломатияси” фаоллиги яққол кузатилмоқда. Хусусан, халқ вакиллари – олимлар ва рассомлар, маданият ва дин арбоблари, ишбилармонлар ва ёшлар, туризм ва спорт ташкилотлари, жамоат бирлашмалари ва нодавлат ташкилотлар иштирокида кўплаб учрашув, анжуман, видеоконфренция каби турли тадбирлар ўтказиляпти.
Шу нуқтаи назардан мазкур анжуман халқ дипломатияси, илм-фан, маданият, санъат, таълим, миллатлараро муносабатларга оид долзарб масалаларни муҳокама қилиш майдони, ўзаро фаол маданий алмашинувга эришиш имконияти сифатида алоҳида аҳамият касб этиши таъкидланди.
Таниқли маҳаллий ва хорижий экспертлар томонидан бугунги мураккаб даврда бундай тадбир ташкил қилиниши давлатлар аро дўстлик, ўзаро манфаатдорлик, яхши қўшничилик тамойилига асосланган муносабатни мустаҳкамлашга ҳисса қўшиши эътироф этилди.
Маърузачилар ўз чиқишида ўзаро келишув, диний бағрикенглик ва жамиятда умуминсоний қадриятлар сақланишини таъминлаш учун халқ дипломатияси механизмини фаоллаштириш зарурлигини бир овоздан маъқулладилар.
Давлатлар, минтақалар, фуқаролик жамиятлари ҳамкорлигини кенгайтириш юзасидан тажриба ва фикр алмашилди.
Тадбир якунида Ўзбекистонда халқ дипломатиясини ривожлантириш, миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашга алоҳида ҳисса қўшган бир гуруҳ фаолларга “Халқ дипломати” кўкрак нишони топширилди.
Шундан сўнг Тошкендаги миллий маданий марказлар, Ботир Зокиров номидаги Миллий эстрада санъати институти ва Тошкент шаҳри “Баркамол авлод” болалар мактаби ижодий жамоалари томонидан ШҲТ халқлари анъанавий ҳамда замонавий ашула ва рақсларидан тузилган ранг-баранг, қизиқарли дастур намойиш этилди.
Бир сўз билан айтганда, “Ўзбекистон халқ дипломатияси: тарих, бугун ва келажак” мавзусидаги I Халқаро халқ дипломатлари конгресси халқлар ўртасидаги яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшаётган халқ дипломатиясининг аҳамиятини яна бир бор намоён этди.
Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази матбуот хизмати билан ҳамкорликда тайёрланди.
Ғ.Хонназаров,
ЎзА