Тошкентда давлат идоралари, бизнес ҳамжамияти, дипломатик миссия ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлигининг “Delivery Unit” лойиҳавий идораси ташаббуси билан Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) кўмагида ташкил этилган тадбирда “Маълумотни бошқариш миллий тизими тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг асосий жиҳатлари ҳамда ҳужжатни биргаликда ишлаб чиқиш бўйича эришилган келишувлар муҳокама қилинди. Иштирокчилар томонидан айни йўналишда давлат хизмати кўрсатишда сезиларли ижобий ўзгаришлар қилиниши натижасида аҳоли турмуш сифати яхшилангани таъкидланди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда давлат хизмати кўрсатиш жараёнига тизимларни интеграция қилиш ва маълумот алмашиш бўйича салмоқли ютуқларга эришилди. Бугун кунига юздан зиёд ахборот тизими бир-бири билан боғланади. Шундай бўлса-да, давлат аппарати қарорларини қабул қилишда  реал маълумотдан фойдаланиш масаласи ҳануз тўла ҳал этилмаган. Бунинг учун давлат сиёсатини ишлаб чиқиш, амалга ошириш ва мониторинг қилиш бўйича  замонавий  воситалар талаб этилади.

– Тармоқлараро маълумотни интеграция қилиш ва вақтида тақдим этиш барча давлат тузилмалари, жумладан вазирлик, идоралар учун муҳим аҳамиятга эга, – дейди Стратегик ислоҳотлар агентлиги директори Баҳодир Раҳматов. – Сифатли ва текширилган маълумот ишончли фактга асосланган бошқарув қарори қабул қилишга ёрдам беради. Бу жадал ўзгаришлар, давлат идоралари иши самарадорлигига талаб ошиб бориши шароитида ниҳоятда долзарб. Барча зарур маълумотлар йиғилган ягона ахборот муҳитидан фойдаланиш барқарор ривожланишга, фуқаролар учун қулайлик яратишга қаратилган тезкор ва  шаффоф  қарорлар қабул қилиш гаровидир.

Янги қонун доирасида юқори даражали раҳбарлар муҳим маълумотдан фойдаланишини таъминловчи рақамли восита жорий қилиш режалаштирилмоқда. Бу борадаги таҳлил жараёнида сунъий интеллект муҳим ўрин тутиб, қарорнинг аниқлиги ва қабул қилиниш жараёни самарадорлигини оширади. Шунингдек, барча сектор ва тармоқлар маълумотидан фойдаланишни таъминлаш бўйича ягона ёндашув ишлаб чиқилиши ҳам кўзда тутилган. Бу маълумотлар сиёсий қарор қабул қилиш, стратегик режалаштириш ва амалга оширилган дастурлар самарадорлигини баҳолашда асос бўлиб хизмат қилади.

– Муҳокама қилинаётган қонун давлат идоралари қарор қабул қилишда фойдаланадиган маълумот ҳажми ошиб бориши нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга, – дейди “Delivery Unit”  лойиҳавий идораси раҳбари Азиза Умарова. – Илгари статистика ҳисоботи асосий ахборот манбаи бўлган, энди эса рақамлаштириш шароитида кўплаб янги манбалар, жумладан маъмурий реестр ва меъёрни белгиловчи турли қурилмалар маълумоти, масалан фискал чек пайдо бўлди. Ушбу қонуннинг асосий мақсади тасдиқланган ишончли  маълумотдан самарали фойдаланиш учун ҳуқуқий меъёр ва стратегик йўналиш белгилаш. Бу давлат сиёсати, давлат дастурларини амалга ошириш ва баҳолашни такомиллаштиришга ёрдам беради.

Таъкидлаш жоиз, қонун жавобгарлик тамойилини жорий қилади: ҳар бир давлат идораси ўзи жавоб берадиган маълумотнинг тоифаси, жумладан сифати ва вақтида тўпланишини аниқ белгилаб олади. Ушбу идоралар ўз маълумотини ягона тизимга киритиши талаб қилинади, бошқа идоралар маълумотидан фойдаланишига рухсат этилади. “Бир марта тўплаб, кейин бўлишиш” тамойили шу тарзда амалга оширилади. Бу бир хил маълумотни бир неча марта тўплашнинг олдини олади. Биз қонунни тўлиқ ишлаб чиқиб, 2025 йил қабул қилинишини режалаштираяпмиз. Бугунги тадбирда маълумотни тўплаш ва  таҳлил қилишни яхшилаш билан шуғулланувчи халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этмоқда. Биз ҳужжат мукаммал ишлаб чиқилиши учун  уларнинг ҳам фикрини тинглаб, энг яхши амалиётни ҳисобга олиш ниятидамиз.

Маълумотни бошқариш сиёсати, шунингдек, хусусий сектор фойдаланиши учун рақамлар тўпламини бойитиш ва “data.gov.uz” сайтида эълон қилишга ҳам қаратилган бўлиб, бу фуқаролар ва бизнес вакиллари ушбу маълумотлардан кенг фойдаланишини таъминлайди.

Давра суҳбатида 60 дан зиёд ташкилот вакиллари иштирок этгани, мавзуга қизиқиш юқорилигидан далолат.

Азиза Алимова, ЎзА