Пойтахтимизда «Жаҳон криминологиясининг илғор тажрибалари» мавзусида I халқаро форум бўлиб ўтмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ички ишлар вазирлиги, Криминология тадқиқот институти ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Венгрия, Корея, Россия, Ҳиндистон, Беларусь каби давлатлардан, халқаро ташкилотлардан вакиллар, шунингдек, мамлакатимиз ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъул ходимлари, олимлар иштирок этмоқда.

Тадбирни кириш сўзи билан очган Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири ўринбосари, генерал-майор Бекмурод Абдуллаев давлатимиз раҳбари бошчилигида ички ишлар органлари тубдан ислоҳ қилиниб, тизим фаолияти замонавий хавф-хатарлардан келиб чиққан ҳолда такомиллаштирилганини қайд этди.

– Жиноятчиликни жиловлаш мақсадида ҳар бир маҳаллага профилактика инспектори ажратилди, – деди Б.Абдуллаев. –  Маҳалланинг ўзида аҳолининг муаммоларини “маҳаллабай”, “хонадонбай” ва “фуқаробай” ҳал этиш орқали хавфсиз муҳитни яратиш учун “маҳалла еттилиги” тизими жорий этилди. Жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш фаолиятига энг замонавий ахборот технологиялари ва рақамли воситалар жорий этилмоқда. Хорижий давлатларнинг илғор тажрибаларини ўрганган ҳолда ҳар бир жиноят турини илмий нуқтаи назардан чуқур таҳлил қилиш, ҳудуднинг криминоген вазиятига қараб баҳо бериш орқали жиноятчиликни жиловлаш амалиёти йўлга қўйилди. Лекин, барчамиз гувоҳи бўлиб турибмиз, бугун дунёда таҳликали жараёнлар кечмоқда, айрим минтақаларда халқаро кескинлик тобора кучаймоқда, қуролли тўқнашувлар содир этилмоқда. Мана шундай шароитда, ҳар куни янгидан-янги жиноят турлари ва уларнинг содир этилиши усуллари пайдо бўлмоқда. Бу эса, жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида тизимли назорат ўрнатиш ва истиқболдаги муаммоларни аниқлаб, превентив чора-тадбирларни ишлаб чиқиш амалиётини йўлга қўйишни тақозо этмоқда. Бу борада энг самарали усулларни амалиётга татбиқ этиш ҳамда пухта ўйланган механизм ва услубларни ишлаб чиқиш учун, аввало, криминологик тадқиқотларни тизимли равишда йўлга қўйиш жуда муҳим.

Криминология тадқиқот институти бошлиғи, полковник Бахтиёр Бердиалиев мамлакатимизда криминология соҳаси ислоҳотларга мутаносиб равишда ривожланиб бораётганини қайд этди. Президентимиз ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Криминология тадқиқот институти ташкил этилгани бу йўналишдаги муҳим қадамлардан бири бўлди.

Жиноятчиликнинг янгидан-янги турлари, жумладан, кибержиноятчилик, трансмиллий жиноятлар, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланиши каби муаммоларнинг олдини олиш ва бартараф этиш эса ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан катта куч ва оғир меҳнатни талаб қилади. Қолаверса, идоралараро, давлатлараро ҳамкорликни, тажриба алмашишни, содир бўлаётган ҳодисаларни илмий асосда ўрганиш, таҳлил ва прогноз қилишни тақозо этади.

Халқаро форумдан кўзланган мақсад ҳам халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, тажриба алмашиш, жиноятчиликни илмий асосда ўрганиш, таҳлил ва прогноз қилишда қўшма лойиҳаларни амалга оширишдан иборат.

– Мазкур форумда ўндан зиёд хорижий давлатлар вакиллари иштирок этмоқда, – деди Криминология тадқиқот институти етакчи илмий ходими, подполковник Умид Мирзатиллаев. – Форумни ўтказишдан мақсад хорижий давлатлардаги етакчи, илмий фаолият билан шуғулланадиган мутахассислар, уларнинг йўналишлари, айнан криминология соҳасида, жиноятчиликка қарши курашиш ва олдини олиш соҳасида ҳамкорлик қилишдир.

Криминология тадқиқот институти томонидан 74 та илмий-амалий ва фундаментал лойиҳалар бажарилиши режалаштирилган бўлиб, шу йилнинг ўзида 10 дан ортиқ лойиҳа устида иш олиб борилди. Институт ўз фаолиятида энг сўнгги илғор инновацион технологиялар, сунъий интеллект ва “Big data” усулларини қўллашга алоҳида эътибор қаратган. Ҳозирнинг ўзида бир нечта инновацион ишланмалар учун патентлар қўлга киритилди. Туркия Полиция академияси, Корея Криминология ва адлия институти ҳамда Германия Қуйи Саксония Криминология тадқиқот институти билан бевосита ҳамкорлик ўрнатилди.

Форумда Венгрия Хуқуқни муҳофаза қилиш департаменти (Полиция академияси) раҳбари, генерал-майор Габор Ковач ўзаро  ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланиб бораётганини қайд этди. Ўзбекистонда жиноятларнинг олдини олиш тизими ривожланиб бораётганини қайд этди. Форум давомида илғор тажриба алмашилаётгани яхши натижалар беришини алоҳида таъкидлади.

Форум доирасида Венгрия, Қозоғистон, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ), Черногория, Россия, Япония халқаро ҳамкорлик ташкилоти (JICA), Ҳиндистон вакиллари билан икки томонлама ҳамкорлик меморандумлари ва ҳамкорлик дастурлари имзоланади.

Норгул Абдуримова,

Аслиддин Алижонов (сурат),

Дониёр Якубов (видео),

Анвархўжа Аҳмедов монтаж),

ЎзА