Нукус давлат педагогика институтининг янги биноси 2000 ўринлик ўқув биноси, ректорат, ахборот-ресурс маркази ва ҳар бири 180 ўриндан иборат – жами 720 ўринлик 4 катта аудиториядан иборат бўлади.
Институт янги биносининг қурилиш ишларига 53 миллиард 689 миллион сумдан зиёд маблағ ажратилган.
Бугунги кунда 720 ўринлик катта аудиторияларнинг қурилиш ишлари олиб борилмоқда.
Маълумотларга кўра, институт бош биноси 7 қаватдан иборат бўлиб, 1-4 қаватлари ўқув биноси ва 5-7 қаватлари ректорат ва ахборот-ресурс маркази бўлиши режалаштирилган.
Маълумот учун, Нукус давлат педагогика институтининг янги биноси қурилиши Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 апрельдаги «Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида давлат дастурига киритилган эди.
Эслатиб ўтамиз, институт ўқув биноларининг аввал Нукус шаҳрининг тўрт томонида, бир-биридан 7-10 км масофада жойлашганлиги туфайли, уларни бир жойга тўплаш мақсадида 2017 йил 7 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1250-ф-сонли фармони асосида Нукус шаҳри Билимлар (собиқ П.Сейтов) кўчасида жойлашган Нукус агроиқтисодиёт коллежи, Нукус мелиорация ва сув хўжалиги коллежи ва Нукус педагогика коллежи ўқувчилар турар жойи тегишли ҳудудлари билан институт балансига бепул ўтказиб берилган эди.
Институтнинг янги биноси шу ҳудудда бунёд этилмоқда. Қурилиш ишлари 2019 йилнинг охирида якунланиши режалаштирилган.
Ислам Матеков,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.