Швед кимёгари, ихтирочи Альфред Нобель ўз васиятига кўра таъсис этган Нобель мукофотининг 2024 йилги барча ғолиблари ҳам аниқланди. 1901 йилдан бери ҳар йили 10 декабрь – асосчиси вафот этган куни Стокгольм ва Ослода ушбу нуфузли мукофотни топшириш маросимида лауреатлар, парламент вакиллари ва Қирол оиласидан ташқари бутун дунёдан юқори мартабали меҳмонлар иштирок этади. Ушбу мақолада айни мавзуга оид айрим қизиқарли фактларни келтирамиз.

Таъсис этилиши

1888 йил журналистлар динамит ихтирочиси Альфред Нобелнинг ўлими ҳақида бутун дунёга хабар тарқатишди. Ваҳланки, улар адашган – аслида Альфреднинг укаси Людвиг вафот этганди.

“Ўлим савдогари вафот этди” сарлавҳали некрологда айтилишича, Альфред одамни ўлдиришнинг энг оммавий усулини топиб, бойиб кетган. Бу ҳолат миллионерни васиятнома тузишга ундади. Ҳужжатга асосан унинг бутун бойлиги, ўша пайт учун беқиёс маблағ ҳисобланган 31 миллион швед крони ишончли банкка жойлаштирилиши керак эди. Инвестициядан келган даромад ҳар йили инсониятга энг кўп фойда келтирадиган инсонларни қўллаб-қувватлаш мақсадида бонус шаклида тақсимлайдиган фондга тегишли бўлиши шарти билан банкка қўйилди.

Васиятнома

– Менинг мутлақ хоҳишим шуки, танловда фуқароликка эътибор берилмайди, скандинавиялик бўладими ёки йўқми, мукофот энг муносиб одамга берилиши керак, – деб васият қилди Нобель.

XIXаср охири Швецияда миллатчилик гуллаган давр эди. Шу сабабли Нобелнинг қарори баъзи доиралар томонидан хиёнат сифатида баҳоланди.

1895 йил 27 ноябрь куни Парижда ёзилган ва 30 декабрь куни тушдан кейин очилган васиятнома Стокгольмдаги Нобель мукофоти музейида сақланади.

Соҳалар

Дастлаб, Альфред васиятига кўра, мукофот физика, кимё, физиология ва тиббиёт, адабиёт ва тинчлик йўналишлари бўйича муносибларга топширилди.

– Мукофот физика ва кимё бўйича Швеция Қироллик Фанлар академияси, физиология ёки тиббиёт соҳасидаги иш учун Стокгольмдаги Каролина институти, адабий асар муаллифларига мамлакат академияси ва тинчлик ўрнатишдаги саъй-ҳаракат учун Норвегия парламенти – Стортинг томонидан сайланган беш кишидан иборат қўмита томонидан топширилади, – дейилган васиятномада.

Орадан кўп йиллар ўтиб, 1968 йил “Riksbank” – Швеция Марказий банкининг 300 йиллиги муносабати билан Альфред Нобель хотирасига иқтисодиёт фани бўйича ҳам соврин таъсис этилди. Альфреднинг авлодлари мазкур қарорни танқидга лойиқ, деб ҳисоблайди. Уларнинг фикрича, Нобелнинг васиятномаси шошқалоқлик натижаси эмас, балки пухта ўйланган иш бўлади. Зеро, мактубларидаги баёнотлари унинг иқтисодчиларни ёқтирмаслигидан дарак беради.

Илк совринлар тақдимоти

Вафотидан кейин Нобелнинг васиятини бажариш бўйича узоқ жараён бошланди ва 1901 йил биринчи марта совринлар ўз эгаларига берилди.

Нуфузли мукофот лауреатлари немис бактериологи, дифтерияга қарши зардоб яратувчиси Эмиль Адольф фон Беринг, радиацияни кашф этган немис физиги Вилгельм Конрад Рентген, голланд кимёгари, стереокимё ва кимёвий кинетика фани асосчилардан бири Якоб Хендрик Ванъ-Гофф, фаранг шоири ва эссенависи Сюлли-Прюдом, шунингдек француз тинчликпарвари Фредерик Пасси ва швейцариялик тадбиркор Жан Анри Дюнан валиаҳд шаҳзода Густав V қўлидан мукофот олишди.

“Нобелсиз” йиллар

1901-2024 йиллар оралиғида мукофот 627 марта 1012 киши ва ташкилотга берилган. Ғолиблар аниқланмаган йиллар ҳам бор. Тарихда 49 марта шундай ҳолат бўлганки, аксарияти Биринчи жаҳон уруши (1914-1918) ва Иккинчи жаҳон уруши (1939-1945) йилларига тўғри келади.

Нобель жамғармаси низомида шундай сатрлар ҳам бор:

– Агар кўриб чиқилаётган асарларнинг ҳеч бири, биринчи бандга мувофиқ, етарли аҳамиятга эга, деб ҳисобланмаса, мукофот миқдори кейинги йилгача сақланиб қолади. Пулни бериш имкони бўлмаса, маблағ жамғарма захирасига қўшилади.

Рад этиш

Француз ёзувчиси ва файласуфи Жан-Поль Сартр 1964 йил адабиёт бўйича ғалабага лойиқ кўрилган, бироқ мукофотни рад этган. У ўз эркинлигини қадрлаши ва қоида тариқасида расмий совринларни қабул қилмаслигини билдирди. Ваҳоланки, Швеция академияси аъзоси Ларс Гилленстен “Хотиралар, фақат хотиралар” номли мемуар асарида Сартр мукофот пулини олиш учун бир неча йилдан кейин ариза бергани, аммо кеч бўлганини таъкидлайди.

Мукофотдан воз кечган яна бир лауреат 1968-1973 йиллари Париж тинчлик музокарасида Шимолий Вьетнам делегациясини бошқарган сиёсатчи Ле Дик Тхо эди. Париж тинчлик битимидан сўнг унинг номзоди АҚШ бош музокарачиси Генри Киссинжер билан бирга 1973 йилги тинчлик бўйича Нобель мукофоти учун илгари сурилди. Ле Дик Тхо эса ҳали Жанубий Вьетнамда тинчликка эришилмагани ва шунинг учун ҳам мукофотни қабул қила олмаслигини айтган.

Энг ёш ва энг кекса лауреатлар

Нуфузли мукофотнинг энг ёш соҳиби покистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Малала Юсуфзайдир. 16 ёшга тўлган кунида у Бирлашган Миллатлар Ташкилотида нутқ сўзлаб, бутун дунё бўйлаб қизларнинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлашга чақирди ва шу жараён рамзига айланди ва 2014 йил 17 ёшида тинчлик йўналиши бўйича ғолиб чиқди.

Энг кекса совриндор, америкалик олим Жон Гуденаф 2019 йил кимё бўйича 97 ёшида мобил телефон ва электромобилда қўлланадиган литий-ионли аккумулятор яратгани учун тақдирланган.

Чироқлар фестивали

Анъанага кўра, ҳар йили 2 декабрда “Чироқлар фестивали” билан бошланадиган Нобель ҳафталиги нишонланади. Стокгольм марказида маҳаллий ва халқаро рассомлар, дизайнерлар томонидан яратилган енгил санъат намуналарини томоша қилиш мумкин.

Фонус ёғдуси шаҳарнинг асосий меъморий обидаларини ёритиб туради. Бу Нобель мукофоти совриндорлари ва уларнинг инсоният манфаати йўлидаги саъй-ҳаракатига эҳтиром бегисидир. Ҳафталик 10 декабрь куни мукофотни топшириш маросимига қадар давом этади.

Тақдирлаш маросими ва зиёфат

Икки мингга яқин меҳмон иштирок этадиган тақдирлаш маросими ҳар йили 10 декабрь – Альфред Нобель вафот этган куни Стокгольм концерт залида бўлиб ўтади. Беш номинация бўйича лауреатлар Швеция пойтахтига Қиролнинг қўлидан диплом, олтин медаль ва 1 миллион доллар пул мукофотини олиш учун дунёнинг турли бурчакларидан келади.

Маросимдан сўнг меҳмонлар Стокгольм мэрияси Мовий залида ажойиб зиёфатдан баҳраманд бўлади. Ҳар йили уч хил намунали таом тайёрланади ва татиб кўрилади. Фақат таомлар номи зиёфатгача сир сақланади. Столлар Сан-Ремодан келтириладиган 10 минг дона гул ва 5 минг яшил барг билан безатилади.

Муҳаррама Пирматова тайёрлади. ЎзА