BRICS уюшмасига аъзо давлатлар Ғазода зудлик билан ўт очишни тўхтатишга ва барча маҳбусларни ҳеч қандай шартсиз озод қилишга чақирди. Ушбу қарор ассоциация саммити якуни бўйича қабул қилинган Қозон декларациясида қайд этилган.
– Ғазода кенг қамровли ва доимий ўт очишни зудлик билан тўхтатиш, барча гаровга олинганлар, икки томонда ноқонуний асирда ушлаб турилган маҳбусларни ҳеч қандай шартсиз зудлик билан озод қилиш зарурлигини эслатамиз, – дейилган ҳужжатда. – Секторга гуманитар ёрдамни тўсиқсиз, барқарор ва кенг кўламда етказиш, шунингдек ҳар қандай тажовузкор ҳаракатни чеклаш лозим.
Аъзо давлатлар раҳбарлари БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюцияларини тўлиқ бажаришга чақириб, Миср, Қатар ва жараёндаги бошқа иштирокчиларнинг Исроил қўшинларини Ғазо секторидан олиб чиқиб кетилишига қаратилган саъй-ҳаракатини олқишладилар.
Шунингдек, йиғилиш давомида тузилмага аъзо давлатлар раҳбарлари Украина зиддиятини мулоқот ва дипломатия йўли билан ҳал этиш тарафдори эканликларини билдирдилар.
BRICS XVI саммити асосий ҳужжатида айни мавзу юзасидан фикр юритилиб, барча давлатлар БМТ Низоми мақсади ва тамойилига тўлиқ ҳамда ўзаро боғлиқ ҳолда ҳаракат қилиши кераклиги таъкидланган.
Қозон декларацияси Кремль сайтида жойлаштирилган.