“Халқаро минбар” лойиҳасида фаластинлик ўқитувчи ва ёзувчи, доктор Ҳасан Набиҳнинг “Уруш даҳшатига қарамай, Ғазо университетлари учун умид бор” мақоласи тақдим этилади. Муаллиф Мисрнинг Айн Шамс университетида инглиз тили ва адабиёти бўйича бакалавр, Калифорния штатидаги Фресно университетида тилшунослик бўйича магистр, Бостон коллежида тилни ривожлантириш фанлари номзоди даражасини олган. 40 йилдан буён инглиз тилидан дарс беради.

– Мен ўқитувчи сифатида оптимистман, лекин ҳозирги вазиятда талабаларимни қўллаб-қувватлаш учун қўлимдан кўп иш келмаяпти, – дейди Ҳасан Набиҳ. – Ғазодаги уруш ҳаётнинг барча жабҳаларига таъсир кўрсатди. Жумладан, кўплаб мактаб ва университетлар бинолари ҳам вайрон бўлди. Шулардан бири – мен ишлайдиган Ислом университети Ғазодаги 18 олий ўқув юртидан бири. Бу илм даргоҳида аввал 87 000 га яқин талаба ўқиган.

Мен касбимни жуда яхши кўраман, талабаларим билан яхши муносабатни доим сақлайман. Ўқитувчилик мен учун – миссия. Университетни иккинчи уйим, деб билардим.

Охирги 12 ой ичида ҳеч кимга дарс ўтолмадим. Ҳатто, COVID пандемияси пайти университет ёпилганда ҳам, онлайн маъруза ўтгандим. Ҳозир бор инфратузилма, жумладан телекоммуникация тизими ишдан чиққани боис, масофадан сабоқ бериш имкони йўқ.

Ғазога ҳужум давом этса-да, фавқулодда чоралар кўрилган. Фаластинннинг таълим соҳасига масъул идораси ҳудуддаги университетлар вайрон қилинганига қарши петиция тарқатиб, халқаро ташкилотлар ва илмий муассасаларни маҳаллий ёшларнинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш учун самарали чоралар кўришга чақирмоқда. Журналистлар ва ҳуқуқ фаоллари Фаластин аҳли билан халқаро бирдамликни мустаҳкамлади ва келажакни қайта барпо этишда бизга ёрдам бериши шубҳасиз.

Қолаверса, Ғарбий Соҳилдаги бир неча етакчи олий таълим масканлари секторда олий таълим тизимини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди. Масалан, Бирзейт университети март ойида Ғазонинг институционал инфратузилмасини қўллаб-қувватлаш, тадқиқотчи ва талабаларга академик саёҳатини якунлаш учун зарур билимни олишда ёрдам бериш учун ресурс билан таъминлашга қаратилган “Умидни янгилаш” лойиҳасини йўлга қўйди.

Фаластин ҳукумати, қатор маҳаллий ва халқаро университетлар мазкур ташаббусни қўллаб-қувватлади. Натижада Ғазо олий ўқув юртларида ўқиган бир неча минг ўғил-қиз, жумладан Ислом университети талабалари  аллақачон онлайн ўқишни бошлади.

Дарвоқе, талабаларимизга Европада бир семестр давомида ўқиш учун шароит яратиладиган “Erasmus+” алмашинув стипендиясига ариза бериш тарғиб қилинмоқда. Мен ҳам шогирдларимга мавжуд имкониятдан фойдаланишлари учун мамнуният билан тегишли тавсиянома ёзиб бердим.

Муҳаррама Пирматова тайёрлади. ЎзА