Бугун, 23 октябрь куни Албаниянинг Тирана шаҳрида спорт курашлари бўйича 23 ёшгача бўлган спортчилар ўртасида давом этаётган жаҳон чемпионатида ҳамюртимиз Дониёрхон Накибов -77 килограмм оғирликда бронза медали учун курашга киришади.

Кеча мусобақанинг саралаш баҳсларида ҳамюртимиз норвегиялик Льюдвик Херман Хатландни 8:0, нимчорак финалда америкалик Жеймс Хантерни 7:1 ва чорак финалда венгриялик Тамас Аттила Тоесмагини 9:0 ҳисобида мағлубиятга учратди.

Молдовалик Александрин Гутуга қарши ярим финал баҳсида Накибов 1:6 ҳисобида имкониятни бой берган тарзда 3-ўринга даъвогарлик қиладиган бўлди.

Эслатиб ўтамиз, 27 октябрга қадар давом этадиган жаҳон чемпионатининг кечаги кунги баҳсларида Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Алишер Ғаниев олтин медални қўлга киритди.

Т.Рўзиев, ЎзА