Маълумки, инсон ўз тилини мукаммал билиши, доим улуғлаши ва шу билан бирга, бошқа миллатлар тилига ҳам ҳурмат билан қараши юксак маданиятдан дарак беради. Зеро, тил билим, фикр, ахборот алмашиш, мулоқот қилиш воситасидир. Шу боис ҳам ўзбек тилининг жамиятдаги ўрнини юксалтириш, обрўсини ошириш, ҳуқуқий мақомини белгилаш, том маънода давлат тилига айланишини таъминлаш йўлида муайян ишлар олиб борилмоқда.
Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 35 йил тўлди. Ўтган вақт давомида она тилимизни ривожлантиришга қаратилган қатор ҳуқуқий ҳужжатлар имзоланди. Айни жараёнда тилимизни дунёга танитиш, халқаро миқёсида мавқеини кўтариш бўйича ҳам кўплаб чора-тадбирлар амалга ошириляпти.
Бугунги кунга келиб, кўплабдавлатлардаги нуфузли олий ўқув даргоҳларида ўзбек тили ўқитиляпти, хорижлик талабалар она тилимизни ўрганяпти. Хусусан, Тошкент давлат шарқшунослик университети Ҳиндистоннинг “Жамиа Миллиа Исламиа”, Жавоҳарлаъл Неру ҳамда Деҳли университетлари билан ҳамкорликда ўзбек тилини ўқитиш ва кенг тарғиб этиш бўйича самаралари лойиҳаларни йўлга қўйган.
– Жавоҳарлаъл Неру университети қошидаги Форс ва Марказий Осиё тадқиқотлари кафедраси қошида уч йилдан буён ўзбек тили ўқитиб келинади, – дейди ТДШУ Жанубий Осиё тиллари ва адабиёти олий мактаби бошлиғи, ҳиндшунос олима Нилуфар Хўжаева. – Ушбу масканда эроншунос олим Шаҳбоз Омил талабаларга тилимиздан дарс бериб келмоқда. “Жамиа Миллиа Исламиа” университетида ҳам кўп йилдан бери ўзбек тили ўқитилади. Ҳозир мазкур таълим даргоҳида юздан зиёд талаба ва тадқиқотчи тилимизни ўзлаштиряпти.
Ҳиндистонлик Муҳаммад Зиёуллоҳ она тилимизни ўрганаётган хорижлик талабалардан бири.
– Жавоҳарлаъл Неру университетида ўқиш баробарида ўзбек тили бўйича ҳам сабоқ оляпман, – дейди у. – Форс, араб, инглиз тилларини биламан. Бинобарин, ўзбек тилининг бетакрорлиги, бойлиги мени ўзига ром этган. Шу боис мукаммал ўрганиб, шу тилда илмий иш олиб бориш ниятим бор. Қолаверса, Ўзбекистон ва Ҳиндистоннинг тарихи, маданияти, бир бирига ўхшаш жиҳатларини кенгроқ таҳлил қилиш режасини туздим.
Яқинда ТДШУташаббуси билан дунёдаги “Топ-100” олий ўқув юртлари рўйхатига кирган, Ҳиндистондаги рейтинги энг юқори Деҳли университети қошида ўзбек ва ҳиндшунослик маркази очилди. Марказда ўзбек тилини ўқитиш, илмий изланиш олиб бориш учун икки давлат олий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланиб, барча зарурий ҳужжатлар тайёрланди. Тез орада махсус курс очилиб, талабаларга ўзбек тилидан сабоқ бериш йўлга қўйилади. Айни пайт Ўзбекистондан мутахассисларни саралаш ва уларни Ҳиндистонга юбориш устида иш олиб бориляпти.
Қувонарлиси, сўнгги вақтда ҳиндистонлик ёшлар ўртасида ўзбек тилини ўрганишга иштиёқ кун сайин ортмоқда. Талабалар алмашинуви дастурлари, ўзаро тажриба ва маҳорат ошириш курслари кўпаймоқда. Ўзбек асарларини ҳинд тилига ўгириш борасида ҳам салмоқли ишлар қилиняпти. Айниқса, ўзбек ва ҳинд ёш китобхонлари орасида икки халқ бой адабий меросини тарғиб этиш мақсадида кўплаб болалар адабиёти намуналари таржима қилиняпти. Хусусан, эртак китоблар икки тилда таржима қилиниб, китобхонларга ҳавола этиляпти.
Бир сўз билан айтганда, чет давлатлар тилшунос мутахассислари билан ҳамкорликда, элчихоналаримиз кўмагида хорижда ўзбек тилини ўргатиш кўлами кенгайтириляпти. Табиийки, бунинг натижасида ўзбек тилида сўзлашадиган хорижлик мутахассислар сони ортади. Ўзбек тилининг мавқеи ошиб, ер юзида она тилимизда сўзлашадиган инсонлар кўпаяди. Бу эса халқимиз, мамлакатимиз довруғини ёйишга хизмат қилади.
Гўзал Сатторова,
ЎзА